МУРОДОВ

МУРОДОВ Абдуқодир (1893 – Тошкент — 1974.6.3) — хаттот, шарқшу-нос олим. Абулқосим мадрасасида таҳсил кўрган (1907—17). Дастлаб ўқитувчи, кейин Ўздавнашрда хаттот бўлиб ишлаган. Навоий юбилейи қўмитасида илмий ходим (1940—42), 2-жаҳон уруши қатнашчиси. 1944 й. дан Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тида илмий ходим, хаттот бўлиб ишлаган. Ин-т фондидаги қўлёзмаларни ўрганиш, тартибга келтириш, муаллифи ва котибини аниқлашда катта хизмат қилган, ин-т фондидаги қўлёзмаларга муаллифлар каталогини тузган. 30 га яқин китоб кўчирган. Араб тилидан Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» (1—3жилдлар)ни, араб адабиётидан намуналар, Ёқут Ҳамавийнинг «Муъжам ул-булдон» («Мамлакатлар луғати») асарининг Ўрта Осиё тарихи ва геогр. сига оид қисмини таржима қилган.

Ас: Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан, Т., 1971.