
МУШУКЛАР
МУШУКЛАР (Felis) — мушуксимонлар оиласига мансуб йиртқич сут эмизувчилар уруғи. Бўйи думғаза қисмида яғринига нисбатан баланд. Тирноқлари тўлиқ тортилади. Евросиё, Африка, Шим. ва Жан. Америкада тарқалган; 30 тури, жумладан, Ўзбекистонда 6 тури (силовсин, қорақулоқ, тўқай мушуги, манул, қум мушуги, ёввойи мушук) бор. Куйикиш даврида эркаклари баланд овоз б-н миёвлайди ва бир-бири билан уришади. Йилига 2 марта 1—7 тадан болалайди. Янги туғилган боласининг кўзи юмуқбўлади. Мушукларнинг кўпчилик турлари майда сут эмизувчилар (кемирувчилар) ва қушлар б-н, Суматра М. и ўсимликлар меваси, балиқчи М., асосан, балиқ билан озиқланади. Айрим турларининг (мас, силовсин) мўйнаси қимматбаҳо. Ливия М. и кенжа тури барча хонаки Мушукларнинг наел боши ҳисобланади. Хонаки Мушуклар кемирувчиларни қириб, фойда келтирса, қушларни еб зарар келтиради. 7 тури ва 4 та кенжа тури Халқаро Қизил китобга, Ўзбекистонда учрайдиган барча турлари ҳам Қизил китобга киритилган (яна қ. Хонаки мушуклар).