МУСИҚАЛИ ФИЛЬМ

МУСИҚАЛИ ФИЛЬМ — кино ва телевидение асари; унда мусиқа асосий ўринни эгаллаб, фильмнинг жанри ва драматик қурилишини белгилайди, сюжет ривожланиши, асар ғояси ва қаҳрамонлар ички дунёсини очишга хизмат қилади. 20-й. ларнинг охирида овозли кино билан бир вақтда Мусиқали фильм ҳам ривожлана бошлади. Ривожланишнинг турли босқичларида Мусиқали фильмнинг тузилиши ўзгариб борди. Драматургия, мусиқа, вокал, хореография ва ижрочилик санъати синтези турли кўринишларда шакллана бошлади.

Биринчи Мусиқали фильм АҚШ («Жаз хонандаси» ва б.)да, кейинчалик Германия («Табассумлар мамлакати», «Кўршапалак» ва б.)да яратилган. 30-й. ларга келиб Мусиқали фильмнинг асосий жанрлари — лирик кинокомедия, фильмревю, оперетта, опера, балет шаклланди.

Ўзбекистонда Мусиқали фильм яратиш 40-й. лардан бошланди. 2-жаҳон уруши йилларида яратилган фильмларнинг аксариятини фильм-концертлар ташкил этди. «Фильм-концерт» (Й. Аъзамов), «Фронтдаги дўстларга», «Ватан совғаси» (К. Ёрматов), «Беш республика кон-церти» (3. Собитов) ва б. шулар жумласидан. «Дойра рақсга чорлайди», «Мусиқий торларимиз сири» фильм-концертлари, «Дилбарим» фильм-комеди-яси, «Дилором» биринчи ўзбек фильм-операси, «Жонланган миниатюралар» («Суҳайл ва Мехри», Л. Файзиев; М. Левиев) фильмбалети ва б. фильмларда мусиқадан ўринли фойдаланишга, мав-зуга ҳамоҳанг экран тилини кашф этишга муваффақ бўлдилар. «Ўзбектелефильм» да яратилган «Шашмақом» (Т. Акромов), «Менга қўшиқчизиб бер» (Л. Иноземцева), «Мен балерина» (Ш. Маҳбубов) каби фильмларда миллий маданиятни, ўзликни англаш, қадри-ятларимизни эъзозлаш ва янги ижодий изланишлар кўзга ташланади. Анъанавий ўзбек айтим (вокал) ва чолғу мусиқа санъатини тиклаш ва ривожлантиришни тарғиб қилувчи «Хива вақти билан соат еттида», «Бойсунда қор эриганда», «Қалбингда халқ оҳангларини эъзозла» каби фильм-концертлар ўзининг миллийлиги билан ажралиб туради. 1987 й. Ўзбекистон телевидениесида биринчи бор «Тўмарис» (реж. Н. Маҳмудов; У. Мусаев) телебалети қўйилди. «Майсаранинг иши» (М. Абзалов), «Юлдузимни бер, осмон» (Ф. Давлетшин), «Монолог», «Севги қўшиғи» (Баҳодир Зокиров), «Меш полвон» (М. Абзалов) ва б. кейинги йиллар яратилган энг яхши Мусиқали фильм лардир.

Моҳина Аширова.