МУТАГЕНЛАР

МУТАГЕНЛАР (мутация ва… генез) — физик ва кимёвий омилларнинг тирик организмларга таъсир этиб, уларда мутациялар пайдо қиладиган омиллар. Физик Мутагенлар ичида ионловчи нурлар муҳим ўрин тутади. Улар, ўз навбатида, электромагнитли (тўлқинли) ва корпускуляр омилларга бўлинади. Биринчи гуруҳга рентген, гамма ва космик нурлар киради. Иккинчи гуруҳга бета заррачалар (электрон ва позитронлар), протонлар, нейтронлар, альфа заррачалар, юқори ва паст ҳарорат киради. Ионловчи нурларнинг барчатурлари мутагенлик хоссаларига эга, аммо сунъий мутацияларни олишда, асосан, рентген ва гамма нурлари қўлланади. Кимёвий мутагенларга кўпчилик алкилловчи бирикмалар (ди-метилсульфат, диэтилсульфат, этиленимин, N нитрозоалкилмочевина, нитрозометилмочевина, нитрозоэтилмочевина, этилметан сульфонат, ди-этилнитрозомочевина ва б.), нуклеин кислоталар азотли асосларининг аналоглари, алкалоидлар ва б. киради. Мутагенлар орасида канцероген ва тератоген хоссаларга эга бўлганлари ҳам учрайди. Шу сабабли кўпчилик мамлакатларда барча янги кимёвий бирикмаларнинг мутагенлик хусусиятини текшириш учун махсус ин-т ва лаб. ташкил этилган.

Loading...