МУХТОРИЯТ — конституциявий ҳуқукда биронбир ҳудуднинг унга конституция йўл қўйган чегараларида давлат ҳокимиятини мустақил амалга ошириш ҳуқуқи. Мухторият марказлашган тизимдан марказлашмаган тизимга ўтишнинг муайян даражасини билдиради, аммо бу — федератив давлатдагига нисбатан камроқ даражада бўлади. 20-а. бошларида Туркистон жадидлари Мухторият ҳаракатига мустақил давлат тузиш йўлидаги алоҳида босқич сифатида қараганлар ва бу йўлда курашганлар (қ. Туркистон мухторияти). Россияда большевиклар хркимият тепасига келгач, дастлаб Туркистон Автоном (Мухтор) Совет Республикасини ташкил килишди (1918 й. 30 апр.). Ўзбекистон ССР тузилгач, унинг таркибида Қорақалпоғистон АССР (1936 й. 5 дек. дан) бўлган.
Мухторият кенг маънода — биронбир илмий муассаса (мас, ун-т), турли ташкилотларнинг муайян масалаларни ўз ҳолича, мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи.