МУХТОРОВ

МУХТОРОВ Абдураҳим (1931.1.1, Самарқанд) — кулол, майда шакллар устаси. Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби (1998). Уста У. Жўрақуловдан ҳунар ўрганган. 1962 й. дан мустақил ишлайди. Мухторов Самарқанд кулоллиги (майда ҳайкалтарошлик)да мавзули композициялар йўналишига асос солди. Ижодида халқ анъаналарини ривожлантирган. Мухторовнинг асарларида халқ оғзаки ижодига хос жўшқинлик, беғубор ҳазил руҳи ўз аксини топган. Терракота усулида кундалик маиший ҳаёт, халқ оғзаки ижоди манзаралари акс этган миллий ўйинчоқлар (одамлар, ҳайвонлар ва б.) яратади: «Чойхоначи», «Бешик», «Бозорда», «Фарҳод ва Ширин», «Улоқ», «Хўжа Насриддин», «Туя ва бўталоқ», «Маш-шоқ ва қиз», «Ота» ва б.

1982 й. дан Самарқанд ш. ўқувчилар уйида кулоллик тўгарагини бошқаради. Кўплаб шогирдлар тайёрлади. Мухторов асарлари билан республика ва чет мамлакатлар кўргазмалари (Япония, Германия, Швейцария, Москва ва б.)да иштирок этади; асарларидан намуналар республика ва чет мамлакатлар музейларида сақланади.

Loading...