МЬЯНМА, Мьянма Иттифоқи Республикаси (Republic of the Union of Myanmar) — Жан. – Шаркий Осиёда, Ҳиндихитой я. о. нинг шим. – ғарбий қисмида жойлашган давлат. Майд. 678,5 минг км2. Аҳолиси 42 млн. киши (2002). Пойтахти — Янгон ш. Маъ-мурий жиҳатдан 7 миллим вилоят ва 7 маъмурий вилоятга бўлинади.
Давлат тузуми. Мьянма — республика. 1994 й. 9 апр. даги М. Иттифоқи Республикаси конституцияси амал қилади. Консти-туцияга биноан, давлат бошлиғи — президент, қонун чиқарувчи ҳокимият — Миллат мажлиси; ижрочи ҳокимиятни ҳукумат амалга оширади. Парламент сайловигача давлат ва қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг олий органи Тинчлик ва тараққиёт давлат кенгашидир.
Табиати. Мьянма — асосан, тоғли мамлакат. Энг баланд жойи 5881м (Кхакаборази тоғи). Шарқида Шан тоғлиги ва унинг денгиз бўйигача чўзилган тизмалари, ғарбида Ракхайн (Аракан-Йома), Паткай ва б. тизмалар бор. Тоғларнинг замини кембрийгача пайдо бўлган кристалли ва чўкинди жинслардан таркиб топган. Иравади текислиги қуруқлик, дарё, кўл ва денгиз ётқизик^лари қоплаган депрессиядан иборат. Муҳим қазилма бойликлари: нефть, қалай, вольфрам, кумуш, мис, қимматбаҳо тошлар, қўрғошин ва pyx, табиий газ ва б. Иклими иссиқ, ўзгарувчан нам иқлим. Энг иссиқ ой — апр. нинг ўртача т-раси 30—32°, янв. ники 13—15° дан (шим. да) 20—25° гача (жан. да); тоғларнинг шамолга рўпара ён бағирларига 6000 — 6500 мм гача ёғин тушади. Серёғин ойлари июнь—окт. Март ва апр. энг қурғоқчил ва иссиқойлардир. Дарёлари муссон ёмғирлари мавсумида тўлиб оқади. Ҳар йили тошқинлар бўлиб туради. Энг катта дарёлари — Иравади, Салуин. Кўл кам, энг йирик кўли — Инле. Тоғли жойларда таркибида озиқ моддалари кам ўрмон тупроклари, сариқ-қўнғир ва кизил тупроклар тарқалган. Қурғоқчил марказий вилоятларда ювилган қизғишқўнғир тупроклар, саванна тупроклари, шунингдек, жигарранг тупроклар кўпроқ учрайди.
Ҳудудининг 60% ўрмон. Тоғларнинг серёғин қуйи минтақаларида доим яшил тропик ўрмонлар (пальма, бамбук, каштан, сарв, қарағай ва б.), юқорирокда дуб, 1200 м дан бошлаб игна баргли ўрмонлар, бутазорлар, ўтлоклар, текисликларда барг ташлайдиган тропик ўрмонлар, айрим жойларда тик дарахти ўрмонлари, саванналар, дарё дельталари ҳамда соҳилларида мангра чакалакзорлари бор. Ҳайвонлардан маймун, буғу, тапир, жайра, пантера, мангуста, йўлбарс, бўрсиқ, фил ва айиклар яшайди. Ҳар хил парранда, судралиб юрувчилар ва балиқ кўп.
Аҳолиси. Мьянма — кўп миллатли давлат. У ерда 76 га яқин миллат ва элат бор. Мьянма (бирмаликлар), карен, шан, чин, качин, мон ва б. халқлар яшайди. Ҳиндлар, хитойлар, европаликлар (асосан, инглизлар) ҳам бор. Аҳоли нотекис жойлашган. Расмий тили — мьянма тили. Диндорлари, асосан, буддавийлар (70%), мусулмон, ҳинду ва христиан жамоалари ҳам бор. Йирик шаҳарлари: Янгон, Мандалай, Моламьян.
Тарихи. Мьянма даги энг қад. археология ёдгорликлари қуйи палеолит даврига оиддир. Неолит даврида ҳоз. мон халқ-ининг аждодлари — монкхмерлар қабиласи яшаган. Мил. ав. 2-минг йилликда шим. дан тибетбирма қабилалари келиб ўрнашган. Мил. бошларидан бу ерда шаҳардавлатлар пайдо бўла бошлади (Аракан, Шрикшетра, Раманадас ва б.). 7—9-а. ларда Иравади водийсига Хитойнинг шим.-ғарби ва жан. – ғарбидан ҳоз. мьянмаликларнинг аждодлари кўчиб келган. Мьянмалар 9 — 12-а. лардан бир бутун халқ сифатида ташкил топа бошладилар. 11 —13-а. ларда Мьянма ҳудудида Паган давлати мавжуд бўлиб, будда дини қарор топди. Археология қазилмалари ва тарихий манбаларнинг гувохлик беришича, Паган давлатида деҳқончилик, ҳунармандчилик, диний адабиёт, мусиқа, шеърият, наққошлик санъати, меъморлик ривож топган. 13-а. охирига келиб, Паган давлати таназ-зулга учрай бошлади. Ички зиддиятлар, ўзаро низо ва жанглар, мўғуллар босқини Паган инқирозини тезлаштирди. Мьянма яна майда давлатларга бўлиниб кетди. 14—17-а. ларда тарқоқ давлатлар ўртасида кураш кучайиб, натижада Ава давлати бошқа давлатлар устидан ғолиб чиқди. 16-а. дан Мьянмада европалик (пор-тугал, голланд, инглиз) савдогарлар ва истилочилар пайдо бўлди.
18-а. 2-ярмида юқори Мьянмада Конбаунлар давлати пайдо бўлди. У қўшни майда давлатларни ўзига бўйсундирди. Конбаунлар давлатида тарқоқлик тугатилди. Барча ернинг давлат мулкига айланиши марказлашган ҳокимиятнинг асосий моддий негизи бўлиб қолди. Конбаунлар давлати Ҳиндихитойдаги энг кучли давлатга айланди. 1785 й. да Аракан, 19-а. 1-ярмида Манипур ва Ассам Мьянмага қўшиб олинди. Бу даврда маданият, санъат ва адабиёт ривожланди. Ҳашаматли қаср ва саройлар, ма-ҳобатли будда ибодатхоналари қурилди, биринчи театр, босмахона ташкил этилди. 19-а. дан инглиз мустамлакачилари Мьянмани босиб олишга киришдилар. 1824 й. 5 мартда Англиянинг Ост-Индия компанияси Мьянмага қарши уруш бошлади. Аракан, Тенсарим вилоятларини босиб олди. Пекин инглизлар каттик, қаршиликка дуч келиб, урушни давом эттиролмадилар. 1852 й. мамлакатда мон, шан ва карен халқлари ғалаён кўтарди. Шу вақтда Ост-Индия компанияси Мьянманинг Пегу вилоятини эгаллади. 1885 й. инглизлар мустақил Ава давлатини енгиб, бутун Мьянмани ўз мустамлакасига айлантирди ва уни Британия Ҳиндистони таркибига қўшиб олди. Мустамлакачилар барча ҳосилдор ерларни тортиб олиб, миллий бойликларни талади. Бунга жавобан миллий озодлик ҳаракати авж олди. 1920 й. талабаларнинг Янгондаги биринчи ғалаёни мьянмаларнинг миллий озодлик қаракати ривожланишига туртки бўлди. 1930—32 й. ларда мустамлакачилар ва маҳаллий ҳукмдорларга қарши катта ғалаёнлар бўлиб ўтди. Миллий озодлик ҳаракати 30-й. ларнинг 2-ярмида бутун мамлакатга ёйилди.
Мустамлакачилар халқ ғалаёнларини тўхтатиш мақсадида Мьянмани Британия Ҳиндистони таркибидан ажратдилар (1937). Лекин бу тадбир миллий озодлик ҳаракатининг ривожланишига тўсқинлик қилолмади. 1942 й. да Мьянмани Япония босиб олди. Мьянма халқи япон бо-сқинчиларига қарши курашди. 1944 й. да Мьянма халқининг миллий қахрамони Аун Сан Халқ озодлиги антифашист лигасини тузди. Аун Сан ва Не Вин бошчилигидаги Миллий армия ва халқ лашкарлари босқинчиларга қарши қуролли қўзғолон кўтардилар. Японлар мамлакатдан қувиб чиқарилди (1945). Англиялик мустамлакачилар Мьянма ҳукумати раҳбарларига қарши суиқасд уюштириб, Аун Сан ва унинг бир неча сафдошини ўлдирдилар (1947). Шунга қарамай, ватанпарварлар ички ва ташқи реак-цияга қарши курашни янада кучайтирдилар. Ниҳоят, Англия М. миллий мустақиллигини тан олишга мажбур бўлди ва таъсис мажлиси ўтказишга розилик берди (1947 й. янв.). 12 фев. да Мьянма даги турли халқлар вакиллари Панлоне кон-ференциясида мустақил давлат — Бирма Иттифоқини тузиш тўғрисида келишиб олдилар (1989 й. гача мамлакат шу ном билан аталди). 1947 й. 24 сент. да бўлиб ўтган таъсис мажлиси Мьянма конституциясини қабул қилди. 17 окт. да имзоланган шартномага биноан, М. Британия империясидан чиқци. 1948 й. 4 янв. да расмий равишда мустақил давлат деб эълон қилинди. У Ну раҳбарлигида ҳукумат тузилди. 1962 й. да бир гуруҳ зобитлар давлат тўнтариши ўтказди. Ҳукумат генерал Не Вин бошчилигидаги Инқилобий кенгаш қўлига ўтди. 1988 й. март — авг. ойларидаги оммавий халқ ғалаёнлари натижасида Не Вин ва унинг тарафдорлари истеъфога чикди. Ўша йил 18 сент. да ҳарбий тўнтариш бўлиб, ҳокимият Қонунийлик ва тартибни тиклаш Давлат кенгаши қўлига ўтди. 1992 й. дан кенгашга раҳбарлик қилиб келаётган генерал Тан Шве мамлакатда парламент сайлови ўтказилгандан кейин ҳокимиятни фуқаро ҳукумати қўлига топширишини билдирган.
Мьянма —1948 й. дан БМТ аъзоси. ЎзР билан дипломатия муносабатлари 2001 й. фев. да ўрнатилган. Миллий байрами — 4 янв. — Мустақиллик куни (1948).
Сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари. Халқозодлиги антифашист лигаси, 1945—47 й. ларда мустамлакачиларга қарши халқ курашига бошчилик қилган, 1988 й. да қайтадан тузилган; Демократик партия, 1988 й. да ташкил этилган; Халқ демократик партияси, 1988 й. да асос солинган; Демократия учун миллий лига, 1988 й. да тузилган; Миллий бирлик партияси, 1962 й. да ташкил этилган, 1988 й. гача Бирма со-циалистик дастури партияси деб аталган. Деҳқонлар бирлиги ташкилоти касаба уюшмаси, 1969 й. да тузилган Марказий халқдеҳқонлар кенгаши негизида 1977 й. да ташкил этилган; Ишчилар бирлиги ташкилоти касаба бирлашмаси, 1977 й. да тузилган; М. касаба уюшмалари федерацияси, 1988 й. да асос солинган. Хўжалиги. Мьянма — аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда қ. х. нинг улуши ЭЬ,Ь7с, саноатнинг улуши — 8,7%. Кддимдан шоли етиштириш билан машҳур (йилига 13 млн. тонна). Аҳолининг 2/3 қисмидан кўпроғи қ. х. да банд.
Қишлоқ хўжалиги М. иқтисодиётининг негизидир. Шоликорлик, асосан, Мьянма жан. да ривожланган. Буғдой, тариқ, маккажўхори, ер ёнғоқ, кунжут, дуккакли экинлар ҳам етиштирилади. Боғлар (цитрус мевалар, банан, ананас, манго), полиз экинлари, чой плантациялари, шакарқамиш, тамаки, ғўза ҳам анчагина майдонни эгаллайди. Айрим қ. х. экинларидан 2—3 марта ҳосил олинади. Чорвачилигида корамол, чўчқа, парранда боқилади. Корамол ва филлардан ўрмонларда ёғоч ташишда фойдаланилади. Ички сув ҳавзалари ва денгизда балиқ овланади. Ўрмонларда қимматбаҳо (айниқса, тик ва каучук) дарахтлар кўп.
Саноатида конруда, нефть қазиб олиш, энергетика, озиқ-овқат ва тўқимачилик тармоқлари асосий ўрин олади. Қўрғошинрух к-ти, нефтни қайта ишлаш ва металлургия з-длари бор. Йилига ўртача 3 млрд. кВтсоат электр энергия ҳосил қилинади. Иравади дарёсининг юқори оқими, Ракхайн (Аракан) тизмаси, Пегу тоғлари, Шан платосининг ғарбий ва жан. қисмларида ёғоч тайёрланади. Денгиз портлари ва ёғоч оқизиладиган дарё бўйларида тахта тилиш ва ёғочсозлик корхоналари қурилган. Нефть, табиий газ, кумуш, қалай, рух, мис, қўрғошин ва қимматбаҳо тош қазиб олинади. Асосий шоли оқлаш марказлари: Янгон, Бассейн, Пегу, Хинтада, Моламьян. Тўқимачилик саноати Янгон, Инсейн ва Мейт-хиладаги давлат ва хусусий корхоналардан иборат бўлиб, уларда шойи ва ип газлама, қопқанор, нейлон газламалар ишлаб чиқарилади. Кемасозлик, автомобиль ва трактор йиғиш, цемент ва совунгарлик з-длари бор. Ҳунармандчилик ривожланган.
Транспорти. Темир йўллар уз. 3,1 минг км, автомобиль йўллари уз. 23,5 минг км. Дарё ва денгизларда кема қатнайди. Энг кўп юк Иравади дарёсида ташилади. Янгон—Туанте, Пегу—Сита-ун каналларида ҳам кема қатнайди. Асосий портлари: Янгон, Бассейн, Моламьян, Ситуэ. Пойтахтида халқаро аэропорт бор.
Мамлакатга четдан машина ва асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар, хом ашё ва материаллар, ўғит, озиқ-овқат келтирилади. Денгиз ва қ. х. маҳсулотлари, ёғочтахта, рангли металлар, қимматбаҳо тошлар экспорт қилинади. Ташқи савдодаги асосий мижозлари: Хитой, Таиланд, Сингапур, Ҳиндистон, Япония, Гонконг, Малайзия ва Европа ҳамжамияти мамлакатлари. Пул бирлиги — кьят (маҳаллий номи — чжа).
Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Мьянмада бир қанча газ. ва жур. лар нашр этилади. Асосийлари: «Ботатаун» («Илғор», мьянма тилида чикадиган кундалик газ., 1958 й. дан), «Гардиан» («Посбон», инглиз тилида чиқадиган ойлик газ., 1953 й. дан), «Мьянма Алин» («Янги Мьянма нури», инглиз ва мьянма тилларида чикадиган кундалик газ., 1963 й. дан), «Дочаунда» («Бизнинг талаба», мьянма тилида чикадиган ёшлар ойлик жур.), «Мьявади» (жой номи, мьянма тилида чиқадиган адабийбадиий жур., 1952 й. дан), «Пати-ейя» («Партия турмуши», мьянма тилида чикадиган ойлик жур., 1964 й. дан). Мьянма ахборот агентлиги (МНА) ҳукумат хизмати бўлиб, 1963 й. да тузилган. Мьянма радио ва телевизион хизмат 1946 й. да ташкил этилган. Телевидение (рангли) 1980 й. дан ишлай бошлаган.
Адабиёти. Мил. бошларига оид пальма япрокдари, тошларга битилган шеърий ва насрий ёзувлар Мьянманинг кад. адабий анъаналаридан дарак беради. Мьянма адабиётининг пайдо бўлиши ва шаклланиши 9—13-а. ларгатўғри келади. 14 — 16-а. ларда Мьянма мумтоз шеърияти ривожланди. Шин Махатилавунта, Шин Ма-харататара, Шин Оун Ньоунинг диний достонларида ўша давр ҳаёти, табиат гўзаллиги акс эттирилган. Навадейжа, Натшиннаун, Таунбила Схаядо (16 — 17-а. лар) шеърий шаклларни (могун, пьоу, эчхин ва ҳ. к.) такомиллаштирдилар. 18-а. нинг 2-ярми ва 19-а. да мумтоз шеърият анъаналарини давом эттирган У Toy, Леветоундара кабилар шеъриятда самарали ижод қилдилар. 18-а. да пали, санскрит, ҳинди тилларидан таржималар қилинди. 18-а. охирида миллий драмалар шуҳрат қозонди. Шоир, ҳарбий бошлиқ У. Са Таиланд эпоси ва халқ ривоятлари асосида драмаларёзди. 19-а. охири ва 20а. бошларида Мьянма адабиётида Жеймс Хла Жо, У Жи, У Лат каби адиблар янги роман жанрини ривожлантирдилар. Ҳоз. замон романларининг пайдо бўлиши Пи Моу Нин номи билан боғлииқ («Кечки қуёш»). Мах Схвей романларида («Онамиз») ижтимоий мавзулар акс эттирилган. 20-а. нинг 1-ярми адабиётида халқнинг мустамлакачилик зулмига қарши озодлик кураши ифодаланган. Ватанпарварлик ҳаракати ташкилотчиларидан бири ёзувчи Такин Кодо Хмайндир. У Ба Чхоу, У Ян Аун каби адиблар ижодида жамият ҳаётининг турли томонлари очиб берилган. Кўп ёзувчилар буддизмни ташвиқ қилди. Мьянма мустақилликка эришгач (1948), ёзувчилар адабиётни янги ғоя ва мавзу б-н бойитдилар (Да-гоун Тая, Тин Моу). Турли авлодга мансуб адиблар (Ма Ма Ле, Аун Лин ва ҳ. к.) жаҳон адабиёти тажрибаси ва Мьянма насрчилигининг энг яхши анъаналари негизида бадиий шаклларни та-комиллаштирди, муҳим ижтимоий, ахлоқиймаиший муаммоларни кўтариб чикди. Адабиётда ватанпарварлик, тинчлик учун кураш, янги жамият қуриш каби етакчи мавзулар кенг ўрин олган. Меъморлиги ва тасвирий санъати. Татон, Пьи каби қад. шаҳарлардаги археологик қазишлар натижасида то-пилган Будда ибодатхоналарининг харобалари ва бронза буюмларида ҳинд меъморлиги ҳамда санъатининг таъсири кўзга ташланади. Паган ва б. шаҳарларда ўрта асрларга оид кўпгина санъ-ат ва меъморлик ёдгорликлари сақланган. Ананда (1090), Дхамаянд (1160), Табинью (1144) ибодатхоналари қурилган. Ёдгорликлар маҳобатли бўлиб, мураккаб жимжимадор безакларга бой, серхашам. Пагандаги ибодатхоналар ёнида қад. китоблар сақланадиган кутубхона (тайк)лар бўлган. Булардан энг машқури Питакаттейкдир (1508). Кейинги даврда қурилган биноларнинг меъморий тузилишида ўрта аср биноларига нисбатан янгилик йўқ, фақат ҳажмининг катталиги билан фарқланади. Улар қад. ступалар ёнига қурилган. Mac, Янгондаги Шуэдагоун ступаси ўзининг зийнатли безаклари, катталиги билан машҳур. Бу Осиёдаги энг баланд (107 м) ва катта (70000 м2) бинолардан бири. У қанотли шерлар, кўп бошли илонлар тасвири билан безатилган. Ёғоч безаклар устига тилла суви югуртирилган. Кейинги йилларда миллий ва чет эллик меъморларнинг лойиҳалари асосида замонавий бинолар қуршши. Мьянма ҳайкалтарошлиги (асосан, Будда ҳайкаллари)да нафислик ва нозиклик кўзга ташланади. Ҳоз. замон тасвирий санъати, айниқса, рассомчилигида миллийликка аҳамият берилган (рассом У. Кин Маун, ҳайкалтарош У Хан Тин ва б.). М. халқ амалий санъатида уймакорлик, каштачилик ва б. машҳур.
Мусиқаси театр ва рақслар билан боғлиқ. Унинг манбаи кад. диний маросимларга бориб такалади. Буддавийликдан анча олдин (9-а.) чолғу мусиқа шаклланган. Паган давлати (11 — 13-а. лар) даврида юксак ривожи диний пагода (қаср) деворларидаги суратларда раққослар билан машшоқлар ифодасида тасвирланган. Хитой йилномаларида эса қўшиқ ва рақслар билан мусика асбобларининг тасвири ва тавсифи берилган. Оммалашган Мьянма оркестри — сайнвайн 1538 й. да пайдо булган; то-вушқатори бўйича дойра уртасига териб осилган 21 барабан (патсайи), та-ёқча билан уриб чалинадиган 18 гонг, сурнайсимон хне, каттакичик зиллар (лингвин ва кхеквин), 13 эшма ипак тор урнатилган қайиқ шаклидаги арфа — саун, тимсоҳ шаклидаги 3 торли чертма — тоунлоунсаун, буғ шаклидаги потауку, чанг шаклидаги паттала, хилма-хил қунғироқчалар, тартарак каби асбоблар. Қўшиқчи раққослар қадимда кўпроқ жанговар тароналар ижро қилишган. Кейинги вақтда замонавий профессионал мусиқа санъати ривожлана бошлади. Янгон ва Мандалай ш. ларида давлат мусиқа ва драма мактаблари очилган. Бу ерда мумтоз мьянма ва европача мусиқий анъаналар урганилиб, ижодий ривожлантирилаётир.
Театри. Мьянмада театр томошалари азалдан диний маросим ва халқ байрамларининг таркибий қисми булган. Халқ сайиллари ва интермедия шакллари диний удумлар ва меҳнат жараёнларидан келиб чиққан. Театр ҳақидаги дастлабки маълумот 11-а. га оид. Ўша даврда қўшиқ ва раке иштирокидаги мусиқий интермедия, пантомима урф булган. Дабдабали диний томошаларга аста-секин ҳажвий саҳналар киритила бошлаган. 15-а. да эртак ва диний ривоятларни жонлантирувчи «нибаткинг» (мистерия), 16-а. да қўғирчоқ театри, 18-а. охирида сарой театри пайдо будди, янги жанр — «пьяза» шаклланди. Халқ театрида сақна, парда ва декорациялар булмас, томошабинлар бордон устида ёки ерда утиришар, зодагонлар томо-шани тепаликдан куришар эди. Актёрларнинг либосларига алоҳида эътибор берилар: қирол, мулозим, роҳиб ва б. ларнинг кийими рисоладагидек булиши шарт эди. Театрга Хитой ва Хиндистон санъатинингтаъсири кучли булган. 19-а. охирида Янгонда биринчи доимий театр биноси қурилди. Мьянма мустақилликка эришгач, барча йирик шаҳарларда кўчма театрлар, қишлоқ жойларда ҳаваскор халқ театрлари ташкил этилди. Актёрлар давлат мусиқа ва драма мактабларида тайёрланади.
Киноси. 1918 й. да суратхона эгаси У Он Маун «Бёрма филм компания» фирмасини ташкил этиб, «Муҳаббат ва шароб» фильмини суратга олди (1920). 20-й. ларда Янгонда бир неча киноком-паниялар вужудга келди, улар Будда ривоятлари мавзуидаги картиналар, мелодрама ва комедиялар, саргузашт фильмлар чикардилар. 1932 й. да биринчи овозли фильм — «Пул сотилмайди» (реж. Д. Натшин) суратга олинди. 2жа-ҳон урушидан олдинги фильмларда ин-глиз мустамлакачиларига қарши кураш руҳи яқкрл акс этди. 2-жаҳон уруши ва япон оккупацияси давридаги вайронагарчилик, мустақилликнинг дастлабки йилларидаги ички қуролли можаролар оқибатида кино и. ч. яхши ривож топмади. 60-й. ларда хусусий киностудиялар маҳсулотида кўнгилочар фильмлар ус-тунлик қилди. 1966 й. да давлат кино-компанияси «Севикли диёр» бадиий фильмини яратди. Кейинги йилларда экранга чикарилган ленталар орасида «Замонанинг зайли» (реж. Маун Мо Мьин), «Юрак тилга кирди» (реж. Ту Кха), «Муҳаббат чаманзори» (реж. Ей Ван Маун Жи), «Сен билан фахрланаман» (реж. У Пхо Хан), «Башорат» (реж. Пан Та Тин) каби бадиий фильмлар эъти-борга сазовор. Мьянмада йилига 30 дан зиёд бадиий фильм ишлаб чиқарилади.