МЮНХЕН — Германиядаги шаҳар, Альп тоғлари этагида, Изар дарёси бўйида. Бавария ерининг маъмурий маркази. Аҳолиси 1,2 млн. киши (1999). Транспорт йўлларининг йирик тугуни. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Мамлакатнинг муҳим саноат, савдомолия, илмий ва маданий марказларидан. Электротехника, радиоэлектроника, оптика-механика, умумий ва транспорт машинасозлиги (жумладан, автомобилсозлик, локомотивсозлик ва само-лётсозлик), ҳарбий, кимё, трикотаж, полиграфия, озиқ-овқат саноати корхоналари мавжуд. Метрополитен курилган. Максимилиан номидаги ун-т, ФА, Нафис санъат академияси, Бавария миллий музейи, этнография музейи, картиналар галереяси, глиптотека (ҳайкалтарошлик санъати музейи) ва б. бор. М. ўрнида 8-а. да қишлоқ бўлган. 1158 й. дан шахар ҳуқуқини олган. 13-а. дан 1871 й. гача Бавария пойтахти. Германия империяси тузилгач (1871), шаҳар Бавария билан биргаликда унинг таркибига кирган. Меъморий ёдгорликлардан 13— 19-а. ларда қурилган бинолар сақланган. Мюнхенда мунтазам равишда халқаро ярмаркалар ўтказилиб турилади. 1972 й. да Мюнхенда 20-Олимпия ўйинлари бўлиб ўтган.