МЮРДАЛЬ (Myrdal) Гуннар (1898.6.12, Густафс, – 1987.17.5, Стокгольм) — швед иқтисодчиси, сиёсатчи ва халқаро арбоб. Жаҳон иқтисодиёти тадқиқоти ин-тининг асосчиси ва директори, БМТ нинг Европа учун Иқтисодий комиссияси Бош котиби (1947 — 57). Стокгольм унтида халқаро иқтисодий муносабатлар проф. (1961 й. дан).
Иқтисодий тахдилга кутиладиган ва амалдаги ўзгарувчанликлар атамаларини киритди ҳамда уларнинг иқтисодий мувозанатнинг вужудга келишига таъсирини кўрсатди. «Америка дилеммаси: негрлар муаммоси ва замонавий демократия» (1944), «Урушдан кейинги оптимизмга карши огоҳлантириш» (1944), «Иқтисодий назария ва паст ривожланган минтақалар» (1956), «Осиё драмаси: халқлар қашшоклигининг тадқиқоти» (1968), «Оқимга қарши: иқтисодиёт бўйича танқидий очерклар» (1973) асарларида мураккаб математик-иқтисодий назарияларнинг яратилишини танқид қилди, иқтисодий мувозанатлар муаммоларини, паст ривожланган мамлакатларга иқтисодий ёрдам кўрсатишнинг шу мамлакатлар учун салбий оқибатларини тадқиқ этди. Мюрдаль пул назарияси, иқтисодий тебранишлар, иқтисодий, ижтимоий ва ин-ституционал ҳодисаларнинг ўзаро алоқадорликларини тахлилига бағишланган асарлар ёзган. Нобель мукофоти лауреата (1974; Ф. Хайек билан биргаликда).
Ас: Мировая экономика. Проблемы и перспективы. Пер. с англ. Мюрдаль, 1958; Современные проблемы «третьего мира». М., 1972.