Н

Н — ўзбек кирилл алифбосининг ўн бешинчи ҳарфи; тил олди, бурун, сонор, портловчи, жарангли ундош товушни ифодалайди. Сўз боши (най, новда, нон), ўртаси (анор, ғунча, қанот) ва охири (боғбон, ўтин, тугун) да кела олади. Н товуши айрим сўзларда, сўз бирикмалари орасида б товуши олдидан талаффуз қилинганда, м товушига айланади (танба > тамба, манба > мамба, сунбула > сумбула, ўн беш > ўм беш), лекин бу ҳодиса имлода акс этмайди. Н товуши соф ўзбекча сўзларда сўз бошида учрамайди. Н ҳарфи г ҳарфи билан бирга, н+г тарзида тил орқа, бурун, портловчи, жарангли ундош товушни ифодалайди; бу товуш сўз ўртаси (сингил, денгиз, тингла) ва охири (онг, тенг, дўнг) дагина келади.

Н ҳарфи Авесто, Ўрхун-Енисей, сўғд, туркий (уйғур) ёзувларида, шунингдек, араб ва лотин алифболари асосидаги ўзбек ёзувида ўзига хос кўринишларга эга.

Prev Article

МЎҒУЛЧА

Next Article

НАБИ