НАЖАФОВ Сулаймон Наримон ўғли (1937.25.7, Озарбайжон Республикаси Ақдам тумани — 1993.25.10, Жиззах) – театр рассоми, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1989). Боку ш. даги рассомлик билим юртини (1968) ва Тошкент театр ва рассомлик санъати ин-тини тугатган (1976). 1976 й. дан Юнус Ражабий номидаги Жиззах вилоят мусиқали драма театрида, 1991 й. дан Жиззах вилоят қўғирчоқ театрида рассом. Н. ижоди адабий асардаги миллий ва бадиий ғоянинг тасвирий образини саҳна безакларида яратишга қодирлиги б-н диққатга сазовор. Жиззах театрининг «Холисхон» (1978), «Зўраки табиб» (1978), «Ойгул ва Бахтиёр» (1979), «Келинлар қўзғолони» (1979), «Ватан ишқи» (1981), «Хонума хоним» (1982), «Катта ўғил» (1984), «Қасам ва виждон» (1988) каби, Жиззах қўғирчоқ театрининг «Темирбойнинг саргузаштлари» ва б. спектакллари шулар жумласидан.