НАЖМИДДИН КУБРО МАҚБАРАСИ

НАЖМИДДИН КУБРО МАҚБАРАСИ — Кўҳна Урганчдагн меъморий ёдгорлик (14-а. 20—30-й. лари). Суфийликдаги кубравийлик оқимининг асосчиси, шоир, олим ва шайх Нажмиддин Кубро номи билан боғлиқ. Мақбара 3 хона (Нажмиддин Кубро сағанаси жойлашган катта хона, бир неча қабрлари бўлган кичик хона ва зиёратхона)дан иборат. Миёнсарой ва хоналар гумбаз томли, ўзаро бир-бири билан боғланган.

Бош тарзи чуқур равоқли, пештоқгумбазли, кошинкори нақш билан ҳошияланган, ёзувларида қурилган йили сақланган, Пештоқ юқориси муқарнасли шарафа билан якунланган. Пештоқ деворлари ва сағана оқ, кўк, ҳаво ранг ва жигарранг кошин билан қопланган. Ёғоч ўймакорлигида ишланган эшигига ислимий нақш туширилган. Катта хонанинг ички гумбаз ости бағали қалқонсимон, 16 қиррали, 4 бурчаги тоқу равоқли, ганчкори муқарнаслар билан безатилган. Хона ўртасидаги сағана ўзига хос миллий услубда ишланган. Бу кейинчалик Хоразм меъморий ёдгорликларида намуна сифатида кенг қўлланилган. Нажмиддин Кубро Мақбарасида Хоразм меъморлигида мусаввир ва кошинпазлар томонидан эришилган барча ютуқлар намоён бўлган.

Loading...