НАМАНГАН АТЛАС АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ

НАМАНГАН «АТЛАС» АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ — Ўзбекистондаги йирик тўқимачилик корхонаси. «Ўзбек ипаги» уюшмасининг «Шойи» акциядорлик компанияси таркибида. Корхона, асосан, табиий ипак, соф ипакдан тайёрланган миллий хонатлас, тандаси соф ипак ва арқоғи пахта ипли адрас ва беқасам газламалари ҳамда соф ипакдан қадимги миниатюралар тасвирлари билан гиламлар ишлаб чиқаради. Жамият таркибида пиллакашлик, бўёқчилик, тўқувчилик корхоналари бор.

1925 й. да маҳаллий ҳунарманд, тўқувчи косибларни бирлаштирган «Янги ривожия» артели ташкил этилган. 1962 й. да корхона Наманган шойи тўқиш ф-касига айлантирилди. 1971 й. да Наманган абрли шойи тўқимачилик к-ти, 1994 й. дан ҳоз. номда. 1973 й. ларда 202 т ипак ишлаб чиқарадиган пиллакашлик корхонаси, 1976—80 й. да 7,2 млн. м миллий газлама и. ч. қувватига эга бўлган бўёқчилик ва тўқувчилик корхоналари ишга туширилди. 1994 й. да к-т давлат тасарруфидан чиқарилди ва акциядорлик жамиятига айлантирилди.

1998 й. да пиллани қайта ишлаш жараёнида чиққан чиқиндилардан ипак тайёрлашга ихтисослашган «Силк Роад» Ўзбекистон—Япония қўшма корхонаси ишга туширилди. 2002 й. да пахта ипи ишлаб чиқарадиган «Чанна-Текс» Ўзбекистон—Хитой қўшма корхонаси қуриб битказилди. 2003 й. да эса Жанубий Кореянинг «Ай-Ди-Зи» корпорациясининг замонавий пиллакашлик автоматлари ўрнатилиб, корхона қувватлари оширилди. Маҳ-сулотлари хорижга экспорт қилинади.

Корхонада 1,6 млн. м тайёр газлама (шундан 956 минг м ипак газлама, 645 минг м ип газлама), 65 т табиий ипак тайёрланди (2002). Корхонада 3000 га яқин ишчимухандис ходимлар ишлайди.

Loading...