НАЪМАТАК

НАЪМАТАК (Rosa) — раънодошлар оиласига мансуб буталар туркуми. Бўйи 3 м ча. Барги ток, патсимон мураккаб, пояда кетма-кет жойлашади. Гули хушбўй, ранги ҳар хил, якка ёки 2—3 тадан ўрнашган. Меваси ширали, шакли ва ранги ҳар хил, гул ўрнидаги сохта мева ичида тукли, бир уруғли ёнғоқчалар жойлашган. Наъматак турлари бир-биридан мевасининг шакли, катта-кичиклиги, ранги, новда пўстлоғининг ранги ҳамда новдадаги тиканларнинг оз-кўплиги ва жойланишига қараб фарқланади. Наъматак ўрмонларда ариқ ёқаларида, буталар орасида, тоғ ён бағирларида ўсади. Гули чиройли турлари боғларда, хиёбонларда ва кўчаларда ўстирилади.

Итбурун наъматак (R. canina) мевасида 4—6%, баъзан 18% ча С, R2, К, Р витаминлари, 18 мг%ча каротин, 18% ча қанд, 2% ча лимон кислота, ошловчи ва б. моддалар бўлиб, тиббиётда авитаминознинг олдини олиш ва даволашда қўлланади. Наъматакнинг манзарали турлари — атиргуллардан олинадиган хушбўй эфир мойи (атиргул мойи), асосан, парфюмерияда, ундан тайёрланадиган атиргул суви (Aqua Rosae) фармацевтикада дориларнинг ҳиди ва мазасини яхшилаш учун ишлатилади.

Loading...