НАНКИН

НАНКИН (хитойча Наньцзин — жан. пойтахт) — Хитойнинг шарқий қисмидаги шаҳар. Цзянсу провинциясининг маъмурий маркази. Аҳолиси 5,3 млн. киши (1998). Янцзи дарёси қуйи оқимидаги муҳим транспорт йўллари тугуни. Аэропорт бор. Денгиз кемалари кира оладиган порт. Мамлакатнинг йирик иқтисодий, илмий ва маданий марказларидан. Станоксозлик, электр ва радио аппаратуралари и. ч., автомобилсозлик ва қ. х. машинасозлиги, металлургия, кимё, цемент, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати корхоналари, иссиклик электр ст-яси мавжуд. Қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. Ҳунармандчилик ривожланган. Нанкинда Хитой ФАнинг филиали, тупроқшунослик ва география ин-тлари, ун-т ва б. олий ўқув юртлари, кутубхона, музейлар, ботаника ва ҳайвонот боғлари, расадхона бор.

Нанкинга мил. ав. 472 й. да асос солинган. Турли даврларда шаҳар номи ҳар хил аталган. 1368—1421 й. ларда мамлакат пойтахти. 1421 — 1911 й. ларда Цзяннань нойиблигининг маркази. 1853—64 й. ларда Тайпинлар давлати пойтахти. 1911 — 12 й. ларда Сун Ятсен бошлиқ Хитой Республикаси ҳукуматининг қароргохи. 1912 й. дан Цзянсу провинициясининг маъмурий маркази. Маъмурий ва тарихий ёдгорликлардан «Император шаҳри» (14—15-а. лар), шаҳар девори (уз. 34 км), ибодатхоналар, мак,баралар сақланган.

Loading...