НАПОЛЕОН III

НАПОЛЕОН III, Луи Наполеон Бонапарт (1808—73) — Франция императори (1852—70). Наполеоннинг жияни. Н. III Швейцария, Италия ва б. мамлакатларда қувғинликда ҳаёт кечирган (1848). 1836 ва 1840 й. ларда Францияда ҳокимиятни қўлга олишга уриниб кўрган. 1840 й. да Гам калъасига бир умр қамоққа ҳукм қилинган. 1846 й. Буюк Британияга қочган. 1848 й. фев. инқилобидан сўнг Францияга қайтиб келган ҳамда йирик сармоядорларнинг диктаторлик режимига интилишидан фойдаланиб, 1848 й. 10 дек. да республика президенти қилиб сайланган. 1851 й. 2 дек. да инқилобга қарши давлат тўнтариши қилиб, қонун чиқарувчи мажлисни тарқатиб юборгач, бутун ҳокимият президент қўлига ўтган. Наполеон III номи билан император деб эълон қилинган (1852 й. 2 дек.). Франция Наполеон III Ш ҳукмронлиги даврида Қрим урушида, Австрия-Италия-Франция уруши (1859) да, Ҳиндихитой (1858-62), Сурия (1860—61), Мексика (1862—67) ва б. мамлакатларга қилинган интервенцияларда қатнашган. Франция-Пруссия уруши (Седан жанги)да пруссларга асир тушган (1870.2.9.) Париждаги 1870 й. сент. инқилоби натижасида тахтдан агдарилган. Умрининг охиригача Англияда яшаган.