НАВ АЛМАШТИРИШ

НАВ АЛМАШТИРИШ — экилаётган экинлар навларини ҳосилдорлиги ҳамда бошқа қимматли хўжалик белгилари устун бўлган янги навлар билан алмаштириш. Янги навлар Давлат нав синаш комиссияси томонидан аввалги навларга қараганда ҳосилдорлиги, ҳосилнинг ёки қайта ишланган мақсулотнинг сифати, машина ишлови ва йиғиштиришга мослиги, ноқулай шароитга, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилиги кўрсаткичлари бўйича устун бўлгандагина алмаштирилади.

Ҳар бир Нав алмаштириш даври экин турларини такомиллаштиришда янги сифат босқичи ҳисобланади. Ўзбекистонда экиладиган 105 дан ортиқ ғалла, дон, мойли, техника, ем-хашак, сабзавот, полиз, картошка, мевали, манзарали, ўрмон ва б. экинлар турлари бўйича янги чиқарилган, тикланган, чет мамлакатлардан келтирилган ўсимликлар Н. а. ишлари илмий ва ташкилий асосга қўйилган ва Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш Давлат комиссияси томонидан олиб борилади.

Республикада асосий экинлардан бири бўлган ғўза бўйича 20-а. нинг 20-й. ларидан бошлаб 8 марта Нав алмаштириш ўтказилди. Натижада алмаштирилган навлар ҳосилдорлик, тола миқдори ва сифати, тола чиқиши ва тола узунлиги, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилик бўйича узлуксиз устунликни таъминлади. Ўзбекистонда Нав алмаштириш даврларида жами 170 га яқин ғўза навлари районлаштирилди.

Ўзбекистонда 1937—92 й. лар давомида буғдой бўйича 7 марта нав алмаштирилди. Натижада янги аср бошига келиб дон мустақиллигига эришилди.

Prev Article

НАБОПАЛАСАР

Next Article

НАВБАҲОР