НАВБАҲОР ТУМАНИ

НАВБАҲОР ТУМАНИНавоий вилоятидаги туман. Вилоятнинг жан.шарқида жойлашган. 1980 й. 12 мартда ташкил этилган. 1988 й. да Навоий туманига қўшиб юборилган. 1992 й. да яна алоҳида туман сифатида қайта тузилган. Навбаҳор тумани шарқда Самарқанд вилоятининг Пахтачи тумани, ғарбда вилоятнинг Конимех тумани ва Бухоро вилояти, шим. да вилоятнинг Нурота ва Конимех туман яйлов ерлари, жан. да Навоий туманлари билан чегарадош. Майд. 1,57 минг км2. Аҳолиси 86,5 минг киши (2003). Туманда 7 қишлоқ фуқаролари йиғини (Арабсарой, Бешработ, Гигант, Олчин, Туркистон, Янгийўл, Янгиқўрғон) бор. Маркази — Бешработ қишлоғи.

Табиати. Навбаҳор тумани Зарафшон дарёсининг шим.-шарқий қирғоғи бўйлаб Қоратов ва Зарафшон дарёси оралиғида жойлашган. Туман шим. дан Нурота тоғлари билан ўралган. Навбаҳор тумани ҳудудининг кўп қисми чўл, рельефи нотекис: чуқурлик ва тепаликлар алмашиниб боради. Бал. 500—800 м. Иқлими кескин континентал. Ёзи қуруқ, иссиқ, қиши қуруқ, совуқ. Йиллик ўртача т-ра 14—15°. Энг паст т-ра —13° (янв., фев. да), энг юқори т-ра 42° (июнь, авг. да). Йиллик ёғин 250—300 мм. Вегетация даври 212 кун. Тупроқдари лёсс, бўз, қўнғир, шўртоб тупроқлар. Ёввойи ўсимликлардан янтоқ, шувоқ, исириқ, қамиш, зарпечак ва б. ўсади. Туман хўжаликлари сувни Зарафшон дарёсидан чиққан Ўнг қирғоқ канали, Конимех. Човли, Арабсарой ариқларидан олади.

Аҳолиси, асосан, ўзбеклар (93%), шунингдек, рус, тожик, қорақалпоқ, қозоқ, татар ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 55 киши.

Хўжалиги асосан, қ. х. га ихтисослашган. Пахтачилик, ғаллачилик, полизчилик, сабзавотчилик, боғдорчилик, чорвачилик, пиллачилик билан шуғулланилади. Картошка, кунжут, мош, зиғир ҳам экилади. Токзорлар бор. Қоракўл қўйлари боқилади.

Туманда «Бентонит» ЎзбекистонАмерика қўшма корхонаси, 22 кичик ва хусусий корхона, 126 хусусий фирма, 11 акциядорлик, 8 масъулияти чекланган жамият, 4 ассоциация, 1 ширкат корхонаси, 8 давлат, 32 хўжалик ҳисобидаги ташкилотлар, 12 қурилиш, 2 савдо корхонаси, деҳқон бозори мавжуд (2003). Қ. х. нинг етакчи тармоқлари пахтачилик ва ғаллачилик. Туманда 22,4 минг га ер майдони экинзор ва дарахтзорлар билан банд. 10 минг га ерга пахта, 8 минг га ерга ғалла, қолган қисмига полиз, сабзавот, ем-хашак ва б. экинлар экилади. Навбаҳор туманида 14 ширкат хўжалиги, 7 фермер хўжаликлар уюшмаси, 1000 га яқин фермер, 100 дан зиёд деҳқон хўжаликлари фаолият кўрсатмоқда (1 ширкат хўжалиги қоракўл қўйлари боқишга, 29 фермер хўжалиги чорвачиликка ихтисослашган).

Туман ширкат ва шахсий хўжаликларида 33 минг қорамол, 60 минг қўй ва эчки, 412 от боқилади (2003). Навбаҳор туманида 255 км автомобиль йўллари мавжуд. Шулардан 108 км давлат аҳамиятидаги йўллар. Туман ҳудудидан Тошкент—Учқудуқт. й. (21 км масофада), Навбаҳор—Нурота, Навоий — Учқудуқ, Навоий — Бухоро йўналишларида автобуслар қатнайди.

2002/2003 ўқув йилида туманда 28 умумий таълим, 5 таянч, 2 бошланғич мактабларида 23 мингга яқин ўқувчи таълим олди, шунингдек, 1 спорт мактаби (754 ўқувчи), маънавият ва қўшимча таълим маркази (960 ўрин), «Истиклол» касб-ҳунар коллежи (750 ўрин), «Учтут» нафис санъат лицейи фаолият кўрсатмоқда.

Марказий маданият уйи, 5 қишлоқ маданият уйи, 3 қишлоқ клуби, «Навбаҳор таронаси» ашула ва рақс халқ ансамбли, марказий кутубхона (112352 нусха китоб), унинг 24 та тармоғи ва туман болалар кутубхонаси, 2 жамоатчилик, «Нафосат», «Оила» клублари ишлаб турибди. Марказий касалхона (2895 ўрин), 6 қишлоқ врачлик амбулаторияси, 8 қишлоқ врачлик пункти, 1 поликлиника, дорихоналар ва б. тиббий муассасаларида 104 врач ва 584 ўрта тиббий ходим ишлайди.

Туман ҳудудида мил. ав. 5-а. — мил. 4-а. ларга оид археологик ёдгорликлар мажмуи (Қалқонота қишлоғи ёнида), Учтут қишлоғи яқинидаги чақмоқтош конлари (ашель, мустье ва юқори палеолит даврига оид тош қуроллари топилган), Сармишсой, Қораунгурсой, Биронсой дараларидаги қоятош суратлари (мил. ав. 7-а. — мил. 3-а. лар, айримлари мил. нинг 1 — 10 а. лари) ва б. бор. 1982 й. 1 апр. дан «Навбаҳор тонги» туман газ. нашр этилади (адади 1500).