НАВКАР

НАВКАР, ну кар (мўғулча нохор — дўст, ўртоқ) — 1) мўғул хонлари, нўён ҳузурида хизмат қилувчи олий табақали йигитлар. Навкарлар — қуролланган эркин кишилар бўлиб, нўёнларга ўз ихтиёрлари билан хизмат қилишган ва уларнинг қарамоғида бўлишган. Уруш пайтида Навкар авваламбор жангчи, тинчлик пайтида эса қўриқчи ва «уй кишиси», хонадонга яқин киши бўлган. Навкарлар хизматлари эвазига даставвал уй-жой, озиқ-овқат, кийим-кечак ва қурол-яроғ, кейинчалик эса ҳарбий ўлжанинг бир қисми, инъом этилган ер мулки ва қароллар билан такдирланганлар, бу эса уларни йирик зодагонларнинг вассалларига айланишларига имкон берган. Хизмат пиллапоясида ўз истеъдодини намойиш этган кўпгина Навкарлар кейинчалик турли ҳарбий бўлинма ва қисмларга қўмондон бўлганлар;

2) Амир Темур ва темурийлар даврида Навкар атамаси — «хизматкор», «аскар», «қўшин» маъноларида қўлланилган;

3) Усмонли турк империяси 14—17-а. ларда Навкар «танқўриқчи, хизматкор»;

4) Сафавийлар давлатида Навкар — ҳарбий-маъмурий мансабдорга тобе ҳарбий хизматчи, аскар;

5) Хива хонлигида Навкар — «лашкар»ни англатган;

6) Бухоро хонлигида Навкар хизмати учун давлат томонидан белгиланган маош билан таъминланган ва мажбурий ҳарбий хизматни ўтаган. Ҳарбий ҳаракатлардан бўш пайтларда Навкар соқчилик вазифасини бажарган.

Loading...