НАВКАТ-ҚУРАЙШ — ўрта асрлардаги Кеш вилоятига қарашли шаҳар. Кешдан Насафга борадиган йўлда, ҳоз. Қамаши туманидаги Қавчин қишлоғи ўрнида жойлашган. Хожа Аҳрор мулкларига оид вақф ҳужжатларида (15 — 16-а. лар) қайд этиб ўтилган. Н.-Қ. Олтинтепа шаҳар харобаси ўрнида бўлган деб ҳисобланади. В. В. Бартольднинг фикрича, Н.-Қ. даги «Қурайш» сўзи исломнинг дастлабки даврларида бу ерда арабларнинг Қурайш қабиласи яшаганлигига ишора. Қурайшлар Қутайба ибн Муслим қўшинининг кўпчилик қисмини ташкил этган. Қашқадарёда ҳоз. яшайдиган араблар шуларнинг авлодлари бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Сўғдийча Навкат — «Янги қалъа» ёки «Янги қишлоқ» демакдир.