НАВНИ РАЙОНЛАШТИРИШ

НАВНИ РАЙОНЛАШТИРИШ — қ. х экинларининг юқори маҳсулдор, маҳсулот сифати ва б. кўрсаткичлари бўйича қимматли янги навлари ва дурагайларини танлаб олиш ва муайян табиий зоналардаги хўжаликларда экиш (жойлаштириш). Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини р-нлаштириш Ўзбекистонда 1934 й. да жорий этилган. Районлаштириш учун қимматли хўжалик белгиларига ва маҳсулдорлигига кўра, муайян зонада илгари р-нлаштирилган навга қараганда устун турадиган янги нав тасдиқланади. Навни районлаштириш (1996 й. 29 авг. да қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Уруғчилик тўғрисида»ги қонунига кўра, республика ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинлари Давлат реестрига киритиш)да амалдаги қонунларга кўра дастлаб маҳаллий ёки хорижий селекция муассасаларида яратилган янги навлар давлат синовини ўтказиш учун Республика қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш Давлат комиссиясига топширилади. Бунда оригинатор (навнинг эгаси) томонидан навни синаш, р-нлаштириш, ҳимоя ҳужжати (патент) олиш учун ариза, синов даврида тегишли миқдордаги оригинал уруғлик (кўчат) билан таъминлаш ҳақида кафолат хати, навнинг таърифи, селекция муассасасида ўтказилган уч йиллик синов натижалари, маҳсулотнинг сифати ҳақида маълумотлар, навнинг рангли фотосурати тақдим этилади.

Навни районлаштириш учун хўжалик жиҳатидан фойдалилиги бўйича синовлар қуйидаги тавсифларни аниқлаши керак: ҳосилдорлик, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилик, ташқи муҳит шароитларига (совуққа, қурғоқчиликка чидамлилик) таъсирчанлик, тезпишарлик, олинадиган маҳсулот сифати ва б. Таклиф этиладиган янги нав реестрда рўйхатга олинган (илгари р-нлаштирилган) навлардан бир ёки икки муҳим хўжалик ва биологик тавсифига кўра яхшироқ бўлиши, қолганлари бўйича улар даражасида бўлиши ёки улардан унча паст бўлмаслиги керак. Синовлар камида икки йил давомида ўтказилади, кўп йиллик экинлар тўғрисида эса улар камида икки йил давомида тўлиқ ҳосил бергандан кейин (қ. Нав синаш) р-нлаштириш ҳақида эксперт комиссияси хулосаси қабул қилинади. Навни районлаштириш уни кўпайтириш, уруғлик ва кўчатларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киритиш ва реализация қилиш ҳуқуқини беради, шунингдек, бу навлар экилган майдонларда апробация ўтказилиши ва уларнинг уруғлик сифатини тасдиқловчи мувофиқлик сертификати берилиши учун ҳам ҳуқуқий асос бўлади.

Навни районлаштириш тартиби ҳамда навларни жойлаштириш режаларини Республика ҳукумати қабул қилади. Уни республика Вазирлар Маҳкамасининг махсус рухсатисиз бузиш, ўзгартириш мумкин эмас.