
НАВО
НАВО (нова) — ярим ёй шаклидаги безак тури; шифт билан девор оралиғидаги қайрилма эгик шаклли ҳошия безак. Миллий меъморликда биноларнинг ички ва ташқи қисмини безашда ишлатилади. Замонавий биноларнинг ташқи қисмида том билан девор оралиғида бўртиб чиқиб (деворга оқиб тушадиган сувни тўсиб) туради ва бинога салобатли кўриниш беради. Наво безаги ганч, ёғоч, мармар ва б. дан тайёрланиши мумкин. Уста Ширин Муродовнинг ганчли ажойиб Наво намуналари Тошкент ш. даги кўпгина бинолар (Навоий театри, Тошкент куранти ва б.) ни безаб турибди. Халқ усталаридан Т. Арслонқулов, М. Усмонов, Ш. Ғафуров, Ж. Ҳакимов, С. Норқўзиев, О. Файзуллаев ва б. нақшли ганч, ёғоч Н. ларни кенг қўллаган.