НАВОИЙ ИССИКЛИК ЭЛЕКТР СТАНЦИЯСИ — Ўзбекистондаги йирик иссиқлик электр станцияси. «Ўзбекэнергия» давлат акциядорлик компанияси таркибида шўъба корхона. Навоий ш. нинг Кармана тумани ҳудудида жойлашган. 1960—81 й. ларда қурилган. Биринчи агрегати 1962 й. фев. да ишга туширилган. Электр ст-ясининг асосий ускуналари очиқ ҳавода ўрнатилган. Асосий ёқилғи тури — таркибида олтингугурт бўлган табиий газ ҳисобланади, эҳтиёт ёқилғиси сифатида эса мазутдан фойдаланилади.
Ст-яда ўрнатилган қувватлари 1250 МВт бўлган 11 та турбоагрегат (6 та блок), 8 буғ қозони бор. Буғ козонлари 540° иссикликда ва 130 атм. босимидаги буғни ишлаб беради. Сувни Зарафшон дарёсидан олади.
Навоий иссиклик электр станцияси Ўзбекистоннинг ғарбий-жан. ҳудудларини электр энергияси билан таъминлайдиган асосий манбадир. Ст-я Қизилқумдаги тоғ-кон ва газ саноати корхоналарига, Навоий «Электркимёзаводи», «Қизилқумцемент» корхонасига, АмуБухоро, Қарши магистрал каналларидаги насос ст-яларига, Бухоро, Самарқанд, Каттақўрғон ш. лари истеъмолчиларига электр энергияси беради. Шунингдек, Навоий ш. даги корхоналарни ва коммунал-маиший эҳтиёжларни иссиқ сув билан таъминлайди. Электр стяси кучланиши 220 минг вольтли электр узатиш линиялари билан Урганч ш. даги тақсимлаш қурилмаси орқали Тахиатош иссиқлик электр ст-ясига, Каттақўрғон, Самарқанд ш. ларидаги тақсимлаш қурилмалари орқали Ўрта Осиё Бирлашган энергетика тизими («Энергия» бирлашган диспетчерлик маркази)га уланган. 2002 й. да 5931,5 млн. кВт-с электр энергияси ишлаб чиқарилди, истеъмолчиларга 3042 минг Гкал иссиклик етказиб берилди.