НАВОИЙ ТЕАТРИ

НАВОИЙ ТЕАТРИ, Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри — опера ва балет санъати соҳасидаги Ўзбекистоннинг асосий театри. Унинг ташкил топиши Муҳиддин Қориёқубовнинг Ўзбек давлат концертэтнографик ансамбли билан боғлиқ. Мазкур ансамбль 1929 й. Қориёқубов ва Тамарахоним саъй-ҳаракати билан Ўзбек давлат мусиқали театрига айлантирилган. «Ҳалима», «Фарҳод ва Ширин» спектакллари халқ чолғулари жўрлигида ижро этилган. 30-й. ларда «Ичкарида», «Лайли ва Мажнун», «Пўртана» спектаклларида халқ чолғу асбобларига симфоник оркестр созлари қўшилиб, ўзбек операсининг яратилишига замин тайёрланган. Қозоғистонлик композитор Е. Брусиловскийнинг «ЭрТарғин» (1937) ва Озарбайжон композитори М. Магомаевнинг «Наргиз» (1938) операларининг саҳналаштирилиши ҳам труппани опера санъатини ўзлаштиришида муҳим роль ўйнади. 1939 й. 11 июнда биринчи ўзбек операси «Бўрон» (С. Василенко ва М. Ашрафий мусиқаси, К. Яшин либреттоси) намойиш қилинди. 1939 й. 20 июнда театр Ўзбек давлат опера ва балет театрига айлантирилди. Театр жамоаси «Бўрон»да эришган ютуғини Р. Глиэр ва Т. Содиқовнинг «Лайли ва Мажнун» операси билан мустаҳкамлади. 1941 й. Фарғона канали қурувчиларига бағишланган «Улуғ канал» (С. Василенко ва М. Ашрафий ) операси (1940) саҳналаштирилди. «Улуғбек» (А. Козловский), «Маҳмуд Торобий» (О. Чишко) опералари уруш йиллари яратилди. Опера билан бир каторда ўзбек балети ҳам етилиб борди. 1933 й. да «Пахта» (Н. Рославец) балети саҳналаштирилди, бироқ муваффақиятсиз чиқди. Дастлабки муваффақият Ф. Талнинг «Шохида» (1939) балетидан бошланди. У ни А. Томский, М. Турғунбоева ва Уста Олим Комиловлар саҳналаштирдилар. Кейинчалик «Гуландом» (Е. Брусиловский), «Оқ билак» (С. Василенко) балетлари қўйилди. Жаҳон мумтоз репертуаридан «Кармен» (Ж. Бизе), «Карға моткаси» (П. Чайковский) каби опералар билан бирга «Боқчасарой фаввораси» (Б. Асафьев), «Коппелия» (Л. Делиб) балетлари саҳналаштирилди.

Театр жамоаси 1947 й. янги бинога кўчиб ўтди ва 1948 й. Тошкент рус опера театри билан бирлашиб, Алишер Навоий номини олди. Р. Глиэр ва Т. Содиқовнинг «Гулсара», Т. Жалилов ва Б. Бровциннинг «Тоҳир ва Зуҳра» опералари, М. Левиевнинг «Сухайл ва Меҳри», Г. Мушелнинг «Раққоса» балетлари янги бино саҳнасида намойиш этилди. Илк бор ўзбек тилида П. Чайковскийнинг «Евгений Онегин» операси, Л. Минкуснинг «Дон Кихот», Р. Глиэрнинг «Кизил гул» балетлари 40-й. ларнинг охирида саҳна юзини кўрди. 50—60-й. лар театр фаолиятида кескин бурилиш ясалди, театр янги опера хонандалари ва балет артистлари билан тўлдирилди. Унга 1959 й. да «Академик», 1966 й. да «Катта театр» унвонлари берилди. 1950—60 ва кейинги йилларда саҳналаштирилган асарларнинг аксарияти томошабинларга эстетик завқ бағишлай оладиган миллий услуб ва ифодавий воситалар, оҳанг ва шакллар б-н бойитилди, халқ мусиқаси интонацияларидан ижодий фойдаланилди. «Дилором», «Шоир қалби» (М. Ашрафий), «Зайнаб ва Омон» (Т. Содиқов, Б. Зейдман, Ю. Ражабий, Д. Зокиров), «Майсаранинг иши» (С. Юдаков), «Ҳамза» (С. Бобоев), «Сўғд элининг коплони» (Икр. Акбаров), «Петр I» (П. Петров), «Оловли фаришта» (С. Прокофьев), «Порги ва Бесс» (Ж. Гершвин) каби опералар, «Орзу» (Икр. Акбаров), «Олтин калитча» (Б. Зейдман), «Севги тумори» (М. Ашрафий), «Қирқ қиз» (А. Фейгин), «Спартак» (А. Хачатурян), «Кармен сюита» (Ж. Бизе — Р. Шчедрин), «Икки дил достони» (О. Меликов), «Маскарад» (В. Лапутин), «Етти гўзал» (Қ. Кораев) сингари балетлар, шунингдек, мумтоз композиторлардан Л. Делиб, М. Мусоргский,A. Бородин, Н. Римскийкорсаков, П. Чайковский, Ж. Верди, А. Ацан, Ш. Гуно,B. Моцарт, Ж. Пуччини ва б. нинг асарлари б-н театр мавқеи кўтарилди. Ижрочилик санъати ҳам шу йиллар юксалди, оркестр маҳорати, хор, кордебалет маданияти ўсди, опера реж. лари, балетмейстер, хормейстер ва дирижёрлар санъатида катта ютукларга эришилди.

Театр жамоаси Россия, Ҳиндистон, Германия, Сингапур, Малайзия, Япония, Таиланд каби ўнлаб мамлакатларда бир неча бор гастролда бўлган. Ўз навбатида Навоий театри саҳнасида Америка, Европа ва Осиё мамлакатларининг етакчи яккахон хонанда, балет усталари ва дирижёрлар ўз санъатларини намойиш қилди.

Мустақиллик йилларида театр ривожини юксак даражага кўтариш, миллий опера ва балет спектакллари яратишга жиддий эътибор берилди. 1991—2003 й. лар мобайнида «Маликаи айёр» (С. Жалил), «Умар Хайём», «Ахмад алФарғоний» (М. Бафоев), «Тахтга йўл» (Н. Зокиров), «Амир Темур» (Г. Гендель), «Буюк Темур» (А. Икромов) опералари, «Шоирона миниатюралар» (У. Мусаев), «Насриддиннинг қилмишлари» (С. Юдаков), «Минг бир кеча» (Ф. Амиров) каби балетлар саҳналаштирилди. Театр репертуаридан ўнлаб мумтоз опера ва балет асарлари ҳам ўрин олди. Театрда турли йилларда М. Ашрафий, Б. Иноятов, Ф. Шамсиддинов, Н. Гольдман, X. Шамсиддинов, Ғ. Тўлаганов, А. Абдуқаюмов, Д. Абдураҳмонова сингари дирижёрлар, 3. К,о-булов, М. Тожизода, М. Муҳамедов, Э. . Юнгвальд — Хилькевич, А. Миролимбо-ева, Ф. Сафаров каби реж. лар, Тамарахоним, М. Турғунбоева, В. Губская, Г. Измайлова, Е. Барановский, П. Йоркин, М. Макарьянц, И. Юсупов ва б. балетмейстерлар, М. Мусаев, Р. Брим, М. Гвоздиков ва б. рассомлар, М. Қориёқубов, Ҳ. Носирова, Б. Мирзаев, К. Зокиров, Ғ. Абдураҳмонов, А. Азимов, Н. Аҳмедова, С. Крбулова, С. Ярашев, В. Гринченко, Р. Лаут, С. Беньяминов, М. Довидов, Ж. Низомхўжаев, Э. Йўлдошев, И. Жалилов, Б. Қориева, 3. Давлетмуродова, В. Васильев, И. Кистанов каби санъаткорлар ижод килишган. К. Муҳидди-нов, М. Раззокова, Р. Латипов, Г. Ҳам-роева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар О. Александрова, Г. Азизова, Д. Ёқубова, В. Геллертов, А. Шалберкин, Н. Шилова, Т. Муҳамедова, Навоий театри Ҳасанова ва б. театрнинг ҳоз. кундаги етакчи опера ва балет ижрочиларидир. Театрнинг бош дирижёри — Ф. Ёқубжонов, бош балетмейстери — И. Юсупов, бош хормейстери — С. Шодмонов, бош рассом — 3. Ботиров, бадиий раҳбар — А. Эргашев. Ҳоз. репертуарида 50 га яқин спектакль мавжуд.

Театр биноси 1947 й. да куриб битказилган (меъмор А. Шчусев лойиҳаси асосида). Бино безагида Т. Арслонқулов, А. Болтаев, Қ. Жалилов, С. Норқўзиев, Уста Ширин Муродов, Жалил ва Болта Жўраевлар (Давлат мукофоти, 1948) ва б. қатнашган. Бино тарзи ва интерьерини безашда миллий меъморлик анъаналаридан фойдаланилган. Деворларида Ч. Аҳмаров (Давлат — мукофоти, 1948) нинг А. Навоий асарларига ишлаган миниатюралари акс этган. Бино тарзлари пешайвон шаклида равоқлар (3 олд, 2 ён томонларидаги равоқлар 9 та) қаторидан иборат. Фойе, томоша зали, саҳна ва б. 3 қаватга жойлашган. Безакларида Бухоро меъморлик мактабининг ганчкори безаклари; тошкентлик усталарнинг намоён ва равоқлари, гулдаста безаклари; хивалик усталарнинг ганчкори, мармар, нақш, ёғоч ўймакорлигидаги ўзига хос услублари; самарқандлик усталарнинг бўртма, муқарнасли жозибадор лавҳалари, фарғоналик усталарнинг ўсимликсимон безаклари; термизлик усталарнинг унутилиб кетган майда давра ва жингалак тасвирли ўймаси янгидан жонлантирилган. Бинонинг пастки залидаги деворий расмларда мусиқа, рақс шеърият ва рассомликни ифодаловчи мажозий образлар (гўзал аёллар) тасвирланган. Ў. Тансиқбоев, М. Аринин, К. Чепраков ва б. бино фойеларида қўшимча деворий расмлар ишлаганлар. Томоша зали 760 ўринли.

Мамажон Раҳмонов, Ирина Коптелова

Loading...