НАВОИЙ ТУМАНИ — Навоий вилоятидаги туман (1926—58 й. ларда Кармана, 1962 й. дан ҳоз. номда. 1980 й. да Навоий туманидан Навбаҳор тумани ажралиб чиққан. 1988 й. да қайта қўшилган, 1992 й. да яна ажралган). 1999 й. да Кармана ш. Навоий ш. таркибига қўшилганлиги муносабати б-н, туман маркази Маликработ шаҳарчасига кўчирилди. Навоий тумани Зарафшон дарёсининг чап соҳилида жойлашган. Шим. дан Навбаҳор тумани, ғарбдан Қизилтепа тумани, шаркдан Самарқанд вилоятининг Пахтачи тумани, жан. дан Қашқадарё вилояти билан чегарадош. Майд. 0,95 минг км2. Аҳолиси 69,5 минг киши (2003). Туманда 6 қишлоқ фуқаролар йиғини (Дўрмон, Жалойир, Нарпай, Уйрат, Янгиариқ, Ҳазора), 1 шаҳарча (Маликработ) бор.
Табиати. Туман ҳудуди Зарафшон воҳасида жойлашган. Жан. ҳудудлари адирларга туташиб кетади. Иклими кескин континентал, ёзи иссиқ, қиши совуқ. Янв. нинг ўртача т-раси 0,4°, июль ойининг ўртача т-раси 28,9°. Туман ҳудудидан Зарафшон дарёси оқиб ўтади (65 км масофада). Тупроклари, асосан, маданийлашган ўтлоки, оддий бўз тупроқлар. Табиий ўсимликлардан жийда, шувоқ, оқ ва қора саксовул, жузғун, черкез, қуёнсуяк, сегин, илоқ, янтоқ, capсазан, етмак, жингил, тол, қамиш, юлғун, ёввойи жийда ва б. бор. Ёввойи ҳайвонлардан тулки, юмронқозиқ, турли хил калтакесаклар, ўргимчаклар, қўшоёқ, типратикан, илонлар, қушлардан лойхўрак, ўрдак, хўжасавдогар, чумчуқ, майна, қарға кабилар учрайди.
Аҳолиси, асосан, ўзбеклар (99,7%); шунингдек, тожик, рус, татар, қозоқ ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2га 73 киши.
Хўжалиги. Туман асосан, қ. х. га ихтисослашган. Халқ хўжалигида банд бўлган 25,1 минг аҳолининг асосий қисми қ. х. да ишлайди. Маликработ шаҳарчасида мева-сабзавот консервалаш цехи (қуввати 3 млн. т шартли банка) мавжуд. Навоий туманида 740 га яқин кичик, 55 қўшма, 10 ширкат корхоналари, паррандачилик ф-каси фаолият кўрсатмоқда. Туман ер фонди 94,9 минг га, шундан 22,5 минг га ер суғорилади, 16,7 минг га экинзор, 27,7 минг га қ. х. да фойдаланмайдиган ерлар, 469 га боғ, 390 га токзор, 264 га тутзорлар, 735 га бўз ерлар, 45 минг га яйлов, 2 минг га томорка ерлари, 762 га боғ ва сабзавотчилик уюшмалари ерлари, 720 га мелиоратив ерлар мавжуд. Навоий туманида 8 ширкат хўжалиги, 2 агрофирма, 2 та фермер уюшмаси бор. 8,9 минг га ерга пахта, 6,6 минг га ерга бошокли дон, 195 га ерга сабзавот ва полиз экинлари экилади. Экинзорларини суғориш учун сув, асосан, Зарафшон дарёсидан магистрал каналлар ва насос курилмалари ёрдамида олинади. Туман жамоа ва хусусий хўжаликларида 23,7 минг кора-мол, 46,1 минг қўй ва эчки боқилади. Туманда ўрмон хўжалиги бор. Қоракўлчилик, ипакчилик билан ҳам шуғулланилади. Асосий транспорт воситаси — автомобиль транспорти. Автомобиль йўлларининг уз. 600 км дан зиёд (шундан 98 км республика аҳамиятига молик). Жами автомобиль йўлларининг 215 км асфальт билан қопланган. Навоий — Учқудуқ т. й. туман ҳудудини 11 км масофада кесиб ўтади. Навоий туманида Навоий шаҳар аэропорти жойлашган.
Тумандаги 24 умумий таълим мактабида 17169 ўқувчи таълим олади, 6 қишлоқ маданият уйи, 1 марказий, 24 тармоқ, 1 болалар кутубхонаси (китоб фонди 242139 нусха) фаолият кўрсатмоқда. Марказий касалхона (295 ўрин), 13 амбулатория-поликлиника, 8 дорихона ва б. тиббий муассасаларда 125 врач, 517 ўрта тиббий ходим ишлайди (ҳар 10 минг аҳолига 16,1 врач, 69,9 тиббий хамшира, 9,3 даволаниш жойи тўғри келади). 1931 й. дан «Навоий овози» газ. чоп этилади (адади 710 нусха).