НАВОИЙ

НАВОИЙНавоий вилоятидаги шаҳар (1958 й. дан). Вилоятнинг маъмурий, иқтисодий ва маданий маркази. Ўзбекистоннинг жан.-ғарбида, Зарафшон дарёси водийсида, вилоятнинг шарқий чеккасида, 347 м баландликда. Т. й. станцияси. Автотранспорт йўлларининг муҳим тугуни, Тошкентдан 509 км. Иклими континентал, йиллик ўртача т-ра 15,Г, июлники 28,3°, янв. ники 0,4°. Майд. 60 км2. Н. таркибида Кармана тумани бор. Аҳолиси 145,5 минг киши (2003; 1995 й. —112,7 минг; 1974 й. —80 минг; 1960 й. —20 минг киши).

Н. Зарафшон водийсидаги тез ўсаётган, ёш индустриал шақар, буюк ўзбек шоири Алишер Навоий номига қўйилган. Зарафшон дарёсининг яқинлиги, йирик қ. х. ҳудуднинг марказида жойлашганлиги, транспорт билан яхши таъминланганлиги шаҳарнинг тез ўсиш омили бўлди. Н. Ўрта Осиёда йирик электр энергия ва кимё саноати марказига айланди. Навоийда 136 акциядорлик жамияти, 334 давлат корхонаси, 1103 хусусий корхона бор. Шаҳарда 21 йирик саноат корхонаси мавжуд. Вилоят саноат корхоналари ялпи махсулотининг кўп қисми Навоийда ишлаб чиқарилади. Шаҳар саноат тармоқларида электр қуввати, минерал ўғитлар, ип ҳамда ипак газламалар ишлаб чиқарилмоқда. «Навоий-азот» и. ч. бирлашмаси, электр-кимё з-ди, Навоий кончилик-металлургия, ун, нон к-тлари, Навоий иссиқлик электр станцияси, «Кизилқумцемент» корхонаси, пахта тозалаш, машинасозлик, сут, ипак қурти з-длари, «Синтепон» корхонаси, озиқ-овқат ва маҳаллий саноат муассасалари бор. Саноат, транспорт ва қ. х. техникасини таъмирлайдиган бинолар, маиший хизмат кўрсатиш к-ти ҳамда ҳунармандчилик тармоқлари ишлаб турибди. Шаҳарда хорижий мамлакатлар б-н хамкорликда қурилган 18 дан ортиқ қўшма корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Шулардан «Агама», «Зериспарк» корхоналари самарали ишламоқда. Шаҳар орқали Учқудуқ, Бухоро, Нукус ш. ларига борувчи т. й. ўтган. Навоийда 20 га яқин йўналишда автомобиль транспорти қатнайди. Халқаро аэропорти Навоийни Тошкент орқали Республика вилоятлари ва 20 дан ортиқ хорижий давлатлар билан ўзаро алоқалар ўрнатишда хизмат қилади. Шаҳар Навоий вилоят ҳокимияти биноси ҳудудида (қад. Карманадя) Мир Сайд Баҳром мақбараси (11-а.), Қосим Шайх хонақоси (16-а.) ва б. меъморий ёдгорликлар мавжуд. Навоий йирик илм-маънавият ва маърифат марказларидан. Бу ерда 2 олий ўқув юрти (Навоий давлат педагогика ин-ти, Навоий давлат кончилик инти), академик лицей, 25 умумий таълим мактаби, 3 Меҳрибонлик уйи (шундан 2 таси оилавий), 6 коллеж, 3 махсус интернат-мактаби (шундан 1 таси ногиронлар учун), бизнес мактаби, 2 музей (вилоят ўлкашунослик музейи, унинг Қосимшайх Азизон мажмуаси филиали, 2 маданият саройи, маданият ва истироҳат боғлари, Ёш томошабинлар театри, 8 жамоат кутубхонаси, стадион, сузиш ҳавзаси, 10 касалхона, 5 поликлиника, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш маркази, 7 тиббий диспансер фаолият кўрсатади. 1958—60 й. ларда шаҳар ягона бош план асосида иссиқ иқлим, миллий анъаналарни ҳисобга олган ҳолда қурилган. Меъмор ва қурувчилардан бир гуруҳи давлат мукофотларига сазовор бўлишган. Шаҳар кўкаламзорлаштирилган, фаввора ва сузиш ҳавзалари кўп. Алишер Навоий таваллудининг 560-йиллиги муносабати билан Навоийда Навоий ҳайкали ўрнатилди (2001).

Зулхумор Абдиева, Рамазон Эгамов

Loading...