«НАВОИЙ», Навоий юбилейи — юқори сифатли мева берадиган серҳосил ўрик нави. Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик и. т. ин-тининг Самарқанд филиалида Арзами, Гулунги навларини чатиштириб яратилган (К. В. Васильев ва Л. А. Протасевич). Дарахти кучли ўсади. Шох-шаббаларининг қалинлиги ўртача, тупига яхши шакл бериш мумкин, бал. 7,5—9 м гача, кенглиги 7 м гача боради. Қисман ўзидан ва четдан чангланади. Меваси июнь охири — июль бошларида пишади. Меваси йирик, думалоқ, тилларангсариқ ва қизғиш. Пўсти силлиқ, қалин. Эти оч сариқ, қаттиқ. Кўчати ўтқазилгач, 4-йили ҳосилга киради, 15—17 ёшида тупидан 200 кг гача мева олинади. Меваси янгилигида ейилади, консерва қилинади ва қоқи солинади. Узоқ жойларга юборишга чидамли. Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари учун р-нлаштирилган.