НАВОИЙ ВИЛОЯТ ЎЛКАШУНОСЛИК МУЗЕЙИ

НАВОИЙ ВИЛОЯТ ЎЛКАШУНОСЛИК МУЗЕЙИ — маданий-маърифий муассаса; 1992 й. да Навоий ш. да ташкил этилган. Музейнинг археология, этнография, нумизматика, табиат, тасвирий санъат ва саноат бўлимлари бор. Музейда Навоий вилояти ҳудудидан топилган археологик ёдгорликлар, вилоят табиати, санъати, саноати (Навоий кон металлургия к-ти, «Қизилқумцемент», «Навоий азот» и. ч. бирлашмаси, Навоий ГРЭС каби саноат корхоналари тарихи ва фаолияти, уларнинг маҳсулотларидан намуналар) акс эттирилган. 2500 дан ортиқ ҳужжатлар ва экспонатлар, вилоят табиати, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси, сув ҳавзалари, чўл табиатига хос табиий бойликлардан намуналар намойиш этилади. Музей фонди (Нурота, Зарафшон, Хатирчи, Кармана, Конимех ва б. бўлимлари б-н бирга) 35 мингдан зиёд (2003), шунингдек, илм-фан, тиббиёт, спорт каби ижтимоий соҳаларни ёритувчи материаллар тўпланган.