НАВОИЙ ВИЛОЯТИ

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ — ЎзР таркибидаги вилоят. 1982 й. 20 апр. да Бухоро ва қисман Самарқанд вилоятлари ҳудудларидан ташкил этилган. 1988 й. да маъмурий бирлик сифатида тугатилиб, 1992 й. бошида қайта тикланди. Шим. ва шим.-шаркдан Қозоғистон, жан.шарқдан Жиззах, Самарқанд, жан. дан Қашкадарё, жан.-ғарбдан Бухоро вилоятлари билан чегарадош. Майд. 111,0 минг км2. Аҳолиси 802,3 минг кишига яқин (2003). Навоий вилояти таркибида 8 қишлок тумани (Конимех, Навбаҳор, Навоий, Нурота, Томди, Учқудук, Хатирчи, Қизилтепа, 5 шаҳар (Зарафшон, Қизилтепа, Навоий, Нурота, Учқудуқ), 8 шаҳарча (Конимех, Лангар, Маликработ, Мурунтов, Тинчлик, Шалқар, Янгиработ, Ғозғон) ва 53 қишлок фукаролари йиғини бор (2003). Маркази — Навоий ш. Табиати. Навоий вилоятининг ҳудуди табиий шароитига кўра, 3 қисмга бўлинади: вилоятнинг шим.-ғарбий қисмини Қизилқум чўли эгаллаган — бу ерда берк ботиқлар (Карақота, Мўлали, Мингбулок), эол қумли текисликлар ва қолдик тоғлар (Овминзатоғ, Етимтоғ, Бўкантов, Томдитов ва ҳ. к.) бор; жан.шарқий қисмини Нурота тоғ тизмаларининг ғарбий қисми паст ва ўртача баландликлардаги тоғлар (Қоратоғ, Октоғ ва б.) ҳамда тоғлараро ботиқлар (Нурота ботиғи ва б.) эгаллаган; Зарафшон дарёси воҳасининг ўрта қисмида вилоятнинг пахтачилик зонаси ўрнашган. Навоий вилояти даги тоғлар, асосан, силур, девон, тошкўмир, бур, палеоген, неоген даврлари жинсларидан тузилган. Текислик ва қумликлар тўртламчи геологик даврдаги комплекс табиий омиллар таъсирида ўзгарган. Мурунтовда олтин, Овминзатоғ шим. да графит топилган. Вилоятда вольфрам, фосфоритлар, кварц қуми, цемент, оҳактошнинг захиралари мавжуд. Навоий вилоятида минерал шифобахш, шўр ва ер ости чуқур сув захиралари аниқланган. Чунончи, Томдибулок, Қарақота, Чингилди атрофларидан топилган сувлардан хўжаликда кенг фойдаланилмоқда. Вилоят сейсмик жиҳатдан 7 балли зилзила зонасига киради. Қизилкум чўли туфайли иқлими кескин континентал чўл иқлими: ёзи узоқ, қуруқ. иссик, июлда ўртача т-ра 27,2—29,6°, кумда офтобда т-ра 60—70° гача кўтарилади. Янв. да ўртача т-ра — 1,9° дан —0,6° гача. Чўл ва яйловларда, воҳаларда иқлим ўртача. Ёғин, асосан, баҳор ва қишда ёғади. Йиллик ёғин 125— 282 мм. Вегетация даври 177—212 кун. Н. в. нинг асосий сув манбаи — Зарафшон дарёси. Зарафшондан Конимех канали чикарилган. Навоий вилоятини сув билан таъминлашда Қуйимозор, Тўдакўл сув омборлари, Конимех каналининг аҳамияти катта. Вилоятнинг шим. ва ғарбий катта қисми кўчма қум барханлари, унда-бунда учрайдиган гилли чўллардан иборат. Астрагал, шувок, шўра, исирик, қамиш, зарпечак, саксовул, юлғун, ва б. чўл ўсимликлари ўсади. Чўл тупроқларида чиринди кам, оҳак, гипс, эрувчи тузлар кўп. Чўл ўсимликлари, айниқса, шўра, шувоқ кабилар қоракўл қўйлари ва б. моллар учун озуқа бўлади. Букантовда ва Мингбулоқ ботиғида қобон, бўри, чиябўри, тулки, узун думли мушук, чўл мушуги, бошқа ерларда малла юмронқозиқ, каламуш, сичқон, суғур, сассиқкўзан, жайрон, калтакесак, турли хил илонлар, тошбақа, қушлардан тувалоқ, қорабовур, олабовур, қирғовуллар, қарға, ҳакка, мусича, чумчуқ учрайди.

Қизилқум чўлида пастак кўҳна тоғлар, Мингбулоқ ботиғи, шунингдек, Қарақота ҳавзаси, шўрхок текисликлар ва пастликлар, қатор қум тепалари алоҳида манзара кашф этган. Яйловларда чорва боқилади. Саксовул, қандим, черкез, сингрен, оқпечак, селин, эфемер ва шўралар чорва моллари учун озуқа.

Аҳолисининг кўпчилигини ўзбеклар (63,3%) ташкил этади. Шунингдек, рус (13,5%), қозоқ (11,5%), татар (2,6%), украин (1,4%), қорақалпоқ (1,4%), тожик (1,3%), озарбайжон (0,9%), белорус (0,2%) ва б. миллат вакиллари яшайди. 1 км2 га ўртача 7 киши тўғри келади. Шаҳарликлар — 319,7 минг кишига яқин, қишлоқ аҳолиси — 482,6 минг кишидан зиёд (2003).

Хўжалиги. Саноатининг етакчи тармоқлари энергетика, кончилик (олтин ва б. металлар қазиб олиш), металлургия, кимё, қурилиш материаллари, пахта тозалаш, озиқ-овқат саноати корхоналаридан иборат. Йирик корхоналари: Навоий кон-металлургия к-ти, Навоий иссиқлик электр станцияси, «Навоийазот» и. ч. бирлашмаси, «Қизилқумцемент», «Электркимё», «Нуротамармар» корхоналари, маҳаллий саноат концерни. Тўкма кон чиқиндиларидан олтин ажратиб олувчи «Зарафшон-Ньюмонт» ўзбек-америка қўшма корхонаси самарали фаолият кўрсатяпти. Улардан ташқари «Агама», «Зериспарк», «Бентонит» ва б. қўшма корхоналар ишлаб турибди. Жами 20 дан ортиқ қўшма корхона бор. 730 га яқин кичик корхона, 30 ширкат корхонаси, 10 мингдан зиёд кичик ва ўрта бизнес субъектлари фаолият кўрсатмоқда. Кичик корхоналардан «Иттифоқ», «Навоий» (қурилиш материаллари ишлаб чиқаради), «Эдэм» корхоналарининг ҳиссаси салмоқлидир.

Экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг аксари қисмини пахта толаси, аммиак селитраси, кимёвий тола, сульфат аммоний, ортоаминофенол ташкил қилади. Четдан халқ истеъмоли моллари, кальций карбид, каустик сода, тиомочевина, тикув ускуналари, тиббий техника, юк ва енгил автомобиллар, автобуслар ва уларга эҳтиёт қисмлар, хўжалик ускуналари келтирилади.

Қишлоқ хўжалигининг асосий тармоклари — пахтачилик, ғаллачилик; шунингдек, боғдорчилик, токчилик, сабзавотчилик, пиллачилик, чорвачилик маҳсулотлари етиштириш билан ҳам шуғулланилади. Чорвачилиги кўп тармокли. 228 минг донадан зиёд қоракўл териси тайёрланади (2003). Навоий вилояти қоракўл тери тайёрлаш бўйича республикада 1-ўринда туради. Қ. х. да фойдаланиладиган ерлар майдони 9266,2 минг га, ҳайдаладиган ер майд. 111,1 минг га, яйловлар 9137,5 минг га (2003). Барча экин майд. 112,6 минг га, шу жумладан, пахта 39,4 минг га, дон экинлари 42,0 минг га, картошка, сабзавот, полиз экинлари 1,4 минг га ерга экилади. Ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида 2,6 минг км коллектор дренаж тармоқлари, 138 зах қочириш қудуғи қурилган. Навоий вилоятида деҳқончилик майдонлари АмуБухоро машина канали Навоий, Ўртачўл, Аму, Сумбул, Майна тармоклари ҳамда Зарафшон дарёсидан сув оладиган Тосс, Шовот, Човли, Ўнг ва Чап қирғоқ, Навкар, Конимех каналлари орқали сув билан таъминланади. 32 йирик сув чиқариш электр насос ст-ялари ишлаб турибди. Навоий вилоятида 75 ширкат, 4 минг фермер хўжаликлари мавжуд.

Вилоят жамоа ва хусусий хўжаликларида 200,0 минг қорамол (шу жумладан, 96,4 минг сигир), 1458 минг қўй ва эчки, 723 минг парранда бор (2003).

Транспорти. Т. й. ларнингузунлиги — 390,7 км, автомобиль йўлларники — 4,1 минг км (шу жумладан, қаттиқ қопламалиси — 3,3 минг км). Тошкент — Бухоро — Туркманобод, ТошкентУчқудуқ — Нукус йўналишларидаги т. й. линиялари вилоят ҳудудидан ўтади. Навоий, Зарафшон, Учқудуқ ш. ларида замонавий аэропортлар бор. Ҳаво йўллари Навоий ш. ни Тошкент оркали республика вилоятлари ва 20 дан ортиқ хорижий давлатлар билан боғлайди.

Маданий-маориф, соғлиқни сақлаш ва спорт. 2002/2003 ўқув йилида вилоятда 376 умумий таълим мактаби бўлиб, 201,3 минг ўқувчи, 5 гимназияда 6,4 мингга яқин ўқувчи, 2 академик лицейда 1040 ўқувчи, 11 мусиқа ва 19 спорт мактабида 16795 ўқувчи таълим олди. Навоий вилоятида 2 олий ўқув юрти (Навоий давлат пед. института, Навоий давлат кончилик ин-ти) бор. Бу олий ўқув юртларида 7,7 минг талаба таълим олади (2003). Вилоят шаҳар ва туманларида 1998—2003 й. ларда 18 коллеж ва академик лицейлар бинолари ишга туширилди. Улар замонавий ўқув қуроллари ва техника билан жиҳозланди. Вилоятда 23 касб-ҳунар коллежида 16,03 минг талаба ўқийди.

Навоий ўлкашунослик музейи, унинг Қосим Шайх мажмуаси филиали ва вилоятдаги 7 та бўлими, 253 жамоат кутубхонаси (1893 минг нусха асар), 105 дан зиёд клуб, 7 маданият саройи, 429 бадиий хаваскорлик жамоалари бор. Навоий вилоятида Ёш томошабинлар театри фаолият кўрсатади.

Вилоятда 5 маданият ва истироҳат боғи, кўплаб фавворали кўкаламзор хиёбонлар мавжуд. Зарафшон ва Навоий ш. ларида меҳнаткашларнинг хордиқ чиқариши учун сунъий кўллар барпо қилинган. Бир қанча туманларда боғлар яратилган. Халқ ҳунармандчилиги ҳам ривожланган.

Соғлиқни сақлаш. Навоий вилоятида 3223 ўринли (10 минг кишига 45,3 ўрин), 40 касалхона муассасаси, 1567 врач, 7,013 минг ўрта маълумотли тиббий ходим ишлаб турибди. 85 аёллар консультацияси, 93 қишлоқ врачлик пункта, 116 фельдшер-акушерлик пункти, 16 қишлоқ участка касалхонаси бор. 18 поликлиника, 3 амбулаторияда ихтисослаштирилган даволаш марказлари ташкил этилган. Вилоятда 4 профилакторий фаолият кўрсатади.

Спорт. Навоий вилояти спортчилари спортнинг кўплаб турлари бўйича нуфузли мусобақаларда иштирок этмоқдалар (кураш, волейбол, футбол, теннис, бокс ва б.). Вилоятдан спортнинг сузиш, нафис гимнастика, оғир атлетика, арместлинг, пауэрлифтинг турлари бўйича мамлакат ва Осиё чемпионлари етишиб чиққан. Марказий стадион, туманларда 13 стадион, 14 сузиш ҳавзаси, спорт мажмуи, 190 спорт заллари, 1287 спорт майдончалари, 18 теннис корти мавжуд. Навоий вилоятида 19 болалар ва ўсмирлар мактабида 15 мингдан зиёд ўқувчи таълим олади, спорт секцияларига 68 мингга яқин ёшлар жалб этилган (2003).

Адабиёти. Навоий заминида қад. дан машҳур алломалар, шоир ва файласуфлар, адиб ва мухаддислар, моқир хаттот ва таржимонлар яшаб ўтган. Карминий тахаллуси билан ижод қилган бир неча ўнлаб ижодкорларнинг номлари маълум. Шулардан Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Завъ ал Карминий, Абу Ҳамид Аҳмад ибн Лайс ал Карминий (996 й. в. э.), Ал Мунтасир ибн Муҳаммад ал Карминий ва б. Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Завъ ал-Карминий Қуръонга тафсир битиши б-н бирга араб, форс шеърияти назариясини ишлаб чиққан, илк марта араб, форс, турк мақолларини қиёсий ўрганган. Нажмиддин Абулвафо ал-Бўзжандий (9а.), Забеҳо ас-Самарқандий (16-а.) Карманада туғилиб бошқа шаҳарларда ижод этганлар. Шунингдек, шоирлар Шайх Паҳлавон Муҳаммад Ғолиб (18-а.), Мавлоно Дилкаш Танбурий (19—20-а. бошлари), Шайх Кўрий Муҳаммад Ҳасан (1823 — 1921) ва б. шу юрт фарзандларидир. 20-а. да Навоий вилоятидан чиққан ижодкорлар Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарлари адабий муҳитида шаклландилар. Карманалик шоир Саъдулла Маҳмудовнинг илк китоби 1939 й. да нашр этилган. Шундан кейин Душан Файзий, Тошпўлат Ҳамид, Ёдгор Бахши, Райбулла Саломов, кейинчалик Ойдин Ҳожиева, Сулаймон Раҳмон, Ғаффор Ҳотамов, Ҳосият Бобомуродова, Одил Ҳотамов, Амир Пўлкан ўғли, Ашурали Жўраев, Маруса Ҳосилова, Назира Йўлдошевалар адабиёт майдонига кириб келишди. Файласуф олим Наим Ғойибов Аҳмад Дониш меросидан «Наводир ал-вақоеъ»дан лавҳалар таржима қилди. 1990-й. лар бошларидан Азиз Саидов, Ҳалима Аҳмедова, Фахриддин Низомов, Вафо Файзуллаев, Барно Эшпўлатов, Бектемир Пирнафасов, Сурайё Зоирова, Фарҳод Арзиев сингари ёш шоирлар фаол ижод қилмоқдалар. Айни пайтда қозоқ ва тожик тилида ёзаётган ижодкорлар сафига рус тилида асарлар яратаётган ёш адиблар ҳам қўшилди. Ибодулла Жаҳонгиров озарбайжон ёзувчиси Анорнинг «Оқ кўрфаз» қиссасини таржима қилди.

Навоий вилоятида Ўзбекистон ижодий уюшмалари (ёзувчилар, рассомлар, меъморлар, журналистлар ва б.)нинг вилоят ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда.

Матбуоти, радио ва те-левидениеси. Навоий вилоятида 2 газ. («Дўстлик байроғи», «Знамя дружбы»), 9 туман газ., 1 шаҳар газ. чиқади. Вилоятда, шунингдек, 22 тармоқ ва тижорат газ., 2 журнал нашр этилади.

Навоий вилоятида дастлабки радио-эшиттиришлар 1982 й. да бошланган. 1982 й. дан вилоятда телестудия ташкил этилиб телекўрсатувлар берила бошлади. Вилоятда шунингдек, «Қизилқум» (2002 й. дан) нодавлат телеканали кўрсатувлар олиб боради.

Меъморий ёдгорликлар. Навоий вилояти вда кад. давр, илк ва ўрта асрларда қурилган 10 дан зиёд меъморий ёдгорликлар бор. Шулардан қад. Карманадаги Мирсаид Баҳром мақбараси (11-а.), Қосим Шайх меъморий мажмуаси (16-а.), Катта Гумбаз масжиди (17—18-а. лар), Қизилтепа тумани Ванғози қишлоғидаги Тошмачит (16 — 19-а. лар), Нурота туманидаги Абдуллахон банди (16-а.), Бухоро — Навоий йўлидаги Работи Малик карвонсарой ва сардобаси (11-а.) машҳур. Вилоятда 30 га яқин археология ёдгорликлари мавжуд. Айниқса, Навбаҳор тумани Учтут қишлоғидаги шахта (неолит даври), Нурота тумани ҳудудидаги Қоратоғда ўйиб ёзилган қоятош ёзувлари (мил. ав. 3-а.) ва б. тарихчилар диққатидадир.

Қаҳрамон Ражабов, Зулхумор Абдиева, Барно Эшпўлатов