НАВРЎЗГУЛ (Primula) — наврўзгулдошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўсимликлар туркуми. Ер юзида 500 дан ортиқ, Ўзбекистонда 10 тури учрайди. Доривор Наврўзгулнинг бўйи 15—30 см. Илдиз олди барглари тухумсимон, чети тўмтоқ аррасимон, бандли, қанотчали. Тўпгули соябонсимон. Гули йирик, сариқ. Меваси — кўп уруғли, кўнғир, кўсакча. Барги таркибида С витамини, каротин, сапонин ва б. бирикмалар бор. Илдизи ва илдизпоясининг қайнатмаси бронхит касаллигида балғам кўчирувчи дори сифатида, баргининг дамламаси авитаминозда қўлланади. Наврўзгулнинг Ўзбекистондаги турлари манзаралидир.