НАЙЧА — 1) чакка (соч)га тақиладиган аёллар тақинчоғи; босма усулида гуллар билан безатилган юпқа металл япроқча ўрами (най шакли) дан иборат; ўрта қисмига феруза кўзли йирик думалоқ мунчоқ ўрнатилган, Найчанинг 2 чети феруза кўзлар қатори билан ҳошияланган; атрофи ва ўртасидан шокила (маржон, япроқча, баъзан танга)лар осилган. Найчадан чаккадаги соч толаларини қистириб қўйиш учун фойдаланилади;
2) заргарликда соч-попукка. тақиладиган кумушдан ясалган найсимон бўлак; Н. юзаси босма ислимий нақшлар билан безатилган, юқори қисми қуббали, қубба атрофи эмаль ёки феруза кўзлар билан ўралган; қуйи қисми кенгайиб бориб 4 та бўлак (паррак)га ажралади. Найча орасидан ўрилган (эшилган) қора иплар (соч) тутами ўтказилади;
3) чакка ва бошга тақиладиган тақинчоқларнинг пат, укпар ўрнатиш учун килинган қисмлари ҳам Найча деб аталади.