НАЙРОБИ — Кения пойтахти, 1700 м баландликдаги ясситоғликда жойлашган. Иқлими экваториал, муссонли иклим. Июль ойининг ўртача т-раси 15°, мартники 18,7°. Йиллик ёғин ўртача 930 мм. Аҳолиси 2,07 млн. киши (1998). Найроби маъмурий жиҳатдан провинцияга тенглаштирилган пойтахт округини ташкил қилади.
Шаҳарга 1899 й. да Момбаса — Кисуму т. й. нинг қурилиши натижасида асос солинган. Кейинроқ инглизларнинг ҳарбий базаси бўлган. 1963 й. дан мустақил Кения пойтахти. Найроби — т. й. ва шоссе йўллар тугун и. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Мамлакатнинг муҳим савдо-саноат маркази. Озиқ-овқат, кўн-пойабзал, тўқимачилик, металлсозлик, кимё, қоғоз, ойнашиша, цемент саноати корхоналари мавжуд. Миллий ун-т, миллий музей, Сорсби бадиий галереяси, миллий театр, кутубхона, тад-қиқот марказлари бор. Шаҳар тўғри бурчакли режа асосида, бинолар европача усулда қурилган. Туризм ривожланган.