НАЗАРИЯ — билимнинг бирор соҳасига оид асосий ғоялар тизими; воқелик қонуниятлари ва ундаги муҳим алоқалар ҳақида бир бутун тасаввур берадиган билим шакли. Назария борлиқнинг муайян соҳасига оид бўлган тажрибалардан умумлаштирилган маълумотлар асосида келиб чиқади. Илмий билишда Назариянинг асосий вазифаси тажрибалар берган далилларни изоҳлаш, шу билан бирга, нарса ва ҳодисаларнинг моҳиятига чуқурроқ кириб бориш, юзага келадиган янги нарса ва ҳодисаларни олдиндан кўра олишдан иборат. Ҳар қандай Назария илмий билишнинг натижаси сифатидаги билиш шакли бўлсада, лекин уни тугалланган, ўзгармас, мутлақ билим деб қарамаслик керак. Назария билиш жараёнидабиз тўплаган билимларнинг натижасигина эмас, балки янги билимлар ҳосил қилиш йўлидаги бошланғич асосдир. Назария ҳамма вақт амалиёт билан узвий боглик бўлади ва шундагина у ҳаракат ва ривожланишнинг қуролига айланади. Назариянинг бошланғич шакли гипотезалмр. Амалиётда гипотезанинг тўғри, ҳақиқат эканлиги исботланса, шу асосда янги Назария юзага келиши мумкин. Илмий билиш жараёнида кишиларнинг илмий Назариялар билан қуролланганлиги унга илмий олдиндан кўриш — илмий башорат қилиш имкониятини беради. Бу эса, ўз навбатида, янги қонуният ва янги Назария ларнинг шаклланишига олиб келади.