НАЗРУЛЛАЕВ Алишер Ибодуллаевич

НАЗРУЛЛАЕВ Алишер Ибодуллаевич (1953.24.9, Ғиждувон) — уста кулол, Ғиждувон кулоллик мактабининг 7-авлод вакили. Ўзбекистон халқ устаси (2002), Ўзбекистон Бадиий академияси акад. (2003). Самарқанд меъморликқурилиш ин-тини тугатган (1975). Ҳунарни отаси уста Ибодулла Назруллаевдан ўрганган. Назруллаев ижодида Ғиждувон кулоллик мактаби анъаналарини ривожлантирган; у яратган сопол буюмлар (товоқ, лаган, коса, кўза, қўшқулоқ ва б.) қўрғошин тусли сирланиши билан ажралиб туради. Нақш замини тўқ жигарранг, шакллар буюм юзасида асимметрик эркин жойлаштирилади; «Думи бургут» «мурғи сафед», «гули товус» каби нақш мужассамотлари қуш, ўсимлик, гул нақшларининг но-зик уйгунлаштирилган шаклида намоён бўлади. Америка, Европа, Осиё қитъаларидаги маданий марказлардаги нуфузли танлов, кўргазмаларда фаол иштирок этади. Назруллаев ишларидан намуналар республика ва хорижий мамлакатлардаги музей, тўплам, хусусий коллекциялардан ўрин олган. «Дўстлик» ордени билан мукофотланган (1996).

Loading...