НЕЙРОСЕКРЕЦИЯ (нейро… ва лот. secretio — ажратма) — айрим нерв ҳужайралари (нейросекреторлар)нинг физиологик фаол моддалар — нейрогормонлар ишлаб чиқариши ва уни қон ёки тўқима суюқлигига ажратиши; одам ва умуртқали ҳайвонларда Нейросекреция функциясини, асосан, гипоталамус бажаради. Нерв импульсларининг кимёвий ўтказувчи омиллар (медиаторлар)ни ишлаб чикарувчи оддий нерв ҳужайраларидан фарқли ўлароқ, нейросекретор ҳужайралар цитоплазмасида нейрогормонлар синтез қилинади. Бу гормон нерв хужайраларининг аксонларидан гемолимфа, қон, тўқима ва орқа мия суюклигига ажралиб, марказий нерв системаси, вис-церал аъзолар (жумладан, эндокрин безлар) фаолиятига таъсир кўрсатади. Тубан умуртқасиз ҳайвонларда нейросекретор ҳужайралар нерв системасида тарқоқжойлашган. Филогенезда нейросекретор ҳужайралар нейросекретор марказларга тўплана бошлайди. Умуртқалиларда бу ҳужайралар оралиқ миянинг гипоталамик зонасида жойлашган. Нейросекретор ҳужайраларни классик нейронлар назорат қилади. Ўз навбатида нейросекретор ҳужайралар, оддий нейронлар каби таъсир потенциалини генерация қилади, импульс аксонлардан уларнинг учларигача боради ва унинг таъсирида нейрогормон атроф муҳитга ажралади.