НИЗОМИЙ ГАНЖАВИЙ

НИЗОМИЙ ГАНЖАВИЙ (тахаллуси; асл исм-шарифи Абумуҳаммад Илёс ибн Юсуф ибн Закий Муайяд) (1141 — Ганжа ш., Озарбайжон — 1209.12.3) — озарбайжон шоири ва маърифатпарвари. Ота-боболари Эроннинг Қум ш. дан бўлиб, онаси (Ганжа атрофидаги қишлоқлардаги) курд саркардаларидан бирининг қизи бўлган.

Қуръонни ёд олган. Фиқҳ, тарих, геогр., фалсафа, мантиқ ва адабдан таълим олиб, уларнинг ҳар бирида устод даражасига етишган. Табиий фанлар, хусусан, табобат ва илми нужум (аст-рономия)ни ҳам яхши билган. Замона-вий илмлардан ташқари, юнон фалса-фаси ва адабиёти, эроний халқларнинг исломдан олдинги сўз санъати, хали-фалик даври илмийадабий асарлари, яҳудий ва насроний халқлари тарихи, Кавказ халқларининг ўтмишидан етарли маълумотга эга бўлган. У етук математик сифатида ҳам эътироф этилган.

12-а. да Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг кўплаб шаҳарлари, жумладан, Ганжада ҳам жавонмардлик ёки ахийлик билан машҳур ҳаракат кенг ёйилган. Ҳаракат аъзолари, асосан, косиб ва ҳунармандлардан иборат бўлиб, улар золим ҳукмдор ва амалдорларга қарши курашган, кенг халқ оммасининг манфаатларини ҳимоя қилган. Эзгулик, адолат, инсоф, мурувват, лутфу карамни шиор қилиб олган бу тоифа илму маърифатга катта аҳамият берган. Низомий Ганжавий бу ҳаракат кридаларини ҳурмат қилган ва уларга мойил бўлган. Низомий Ганжавий шахсия-ти, дунёқараши ва ижтимоий ақидалари шу ташкилот гоялари, косиб ва ҳунармандлар таъсирида камол топган. Низомий Ганжавий ўз асарларини ўша замондаги шоҳ ва шаҳзодаларга бағишлаган, лекин сарой шоири бўлишни истамаган, бу ҳакдаги таклифни рад этган.

Низомий Ганжавийнинг 20 минг байтдан иборат шеърий девони бўлган. Шоирнинг лирик шеърлари турли баёз ва тўпламлардан таркиб топиб, жамланган. Лекин ундан айрим парчалар: 16 қасида, 192 ғазал, 5 қитъа, 68 рубоий ва 17 байт сақланиб қолган, холос.

Асосий асари «Хамса»: 1. «Маҳзан ул-асрор» («Сирлар хазинаси», 1173 ёки 1180)да муқаддима ва хотимадан ташқари 20 мақола бўлиб, ҳар мақолага оид 20 ҳикоя мавжуд. Асарда шоир яшаган даврнинг муҳим ижти-моийсиёсий ва ахлоқий-таълимий масалалари акс этган. Кейинчалик бу асарга жавобан форсий ва туркий адабиётларда 40 дан ортиқ достонлар (Навоий, «Ҳайрат ул-аброр») яратилган. 2. «Хусрав ва Ширин» (1181) севги ва са-доқат мавзуида; 3. «Лайли ва Мажнун» достони (1188) араб ривоятлари асосида яратилган; 4. «Ҳафт пайкар» достони (1196) Бахром Гўр ва унинг номи билан боғлиқ воқеаларга асосланган. Асар ҳикоя ичида ҳикоя тарзида ёзилган бўлиб, уларда инсон тарбияси, хулқ-атвори билан боғлиқ ғоялар илгари су-рилган. Ҳикояларида халқ эртаклари таъсири сезилиб туради; 5. «Искандарнома» достони (1190—1200) да Низомий Ганжавий ўзининг одил ва маърифатли шоҳ, комил инсон, идеал жамият ҳақидаги орзуларини Искандар образи ва хаё-лий тасвирлар орқали ифодалаган. «Хамса» Шарқ халқлари адабиётлари ривожига катта таъсир этган. 13-а. дан бошлаб бир қанча шоирлар (Амир Хусрав Дехдавий, Навоий, Жомий ва б.) «Хамса» ёзганлар.

Навоийдан тортиб барча ўзбек шоирлари Низомий Ганжавийни ўзларига устоз деб билишган. Навоий «Насойим ул-муҳаб-бат»да уни шайхлар қаторида зикр этган. 14-а. ўрталарида Қутб Хоразмий «Хусрав ва Ширин» достонини туркий тилга таржима қилган. Ҳайдар Хоразмий шоирнинг «Махзан ул-асрор» аса-рига жавобан «Гулшан ул-асрор» достонини битган. Огаҳий «Ҳафт пайкар»ни насрий таржима қилган.

«Низомий шеъриятидан» тўплами Шоислом Шомуҳамедов таржимасида чоп этилган (1983). Унда шоир касидалари, ғазаллари, қитъалари, рубоийлари ва ҳикматларидан намуналар, шунингдек, «Махзан ул-асрор» ва «Ҳафт пайкар» достонларидан парчалар мавжуд. Тошкент пед. ин-тига Низомий номи берилган (1947). Асарлари асосида кинофильм ва балетлар, тас-вирий полотнолар яратилган.

Ас: Низомий Ганжавий, Гулдаста,Т., 1947; Низомий шеъриятидан, Т., 1983; Инжулар уммони, Т., 1989.

Ад.: Бертельс Е. Э., Избранные труды, Низами и Фузули, М., 1962; Эркинов С, Ғанихонов М., Низомий Ганжавий, Т., 1992; Ҳомидий Ҳ., Кўҳна Шарқ дарғалари, Т., 1999; Абдураҳмон Жомий, Баҳористон, Т., 1997; Алишер Навоий, Насойим ул-муҳаббат, 17-ж., Т., 2001.

Эргаш Очилов.

Loading...