НОМА (форс. — хат, мактуб) — 1) хат, мактуб, фармон, ёзилган нарса;
2) ада-бий жанр; ўзбек ва форс мумтоз адаби-ётларида яратилган, реал ёки хаёлийтўқима шахсга асосан шеърий мактуб тарзида ёзилган бадиий асар тури. Фахриддин Гургоний (11-а.), Авҳадий (1274—1338), Хожа Имод Кирмоний (14а.)лар форс адабиётида Нома жанрига асос солиб, уни ривожлантирганлар. Ўзбек мумтоз адабиётида Нома жанрининг пайдо бўлиши Хоразмий номи билан боғлиқ. Унинг «Муҳаббатнома» асари (1353— 54) ошиқнинг маъшуқага йўллаган ғазал шаклидаги 10 та ишқий мактубидан иборат. Кейинчалик Хоразмийнинг «Муҳаббатнома»си таъсирида яратилган Хўжандийнинг «Латофатнома», Сайид Аҳмаднинт «Таашшуқнома», Юсуф Ами-рийнниг «Даҳнома» асарларида ҳам Нома жанри анъаналарига риоя қилинган: уларнинг барчаси бир хил вазнда, маснавий шаклида ёзилган; барчаси хам 10 номадан иборат. «Муҳаббатнома», «Латофатнома», «Таашшуқнома» асарларида Номалар ошиқ тилидан ёзилган булса, «Даҳнома»даги Номалар ҳам ошиқ, ҳам маъшуқа номидан йўлланган. Алишер Навоий ва Зокиржон Фурқатнинг ўз дўстлари ва устозларига ёзган шеърий мактубларини ҳам кенг маънода Нома жанрига киритиш мумкин;
3) бирор тарихий шахс ёки асар қахрамонининг саргузаштлари, сафар таассуротлари, ички кечинмалари назм ёки насрда баён этилган ҳар қандай (бадиий, илмий, мемуар ва б.) асар тури. Мас, Бобурнинг «Бобурнома», Муқимийнинг «Саёҳатнома», Шайхзоданинг «Тошкентнома» асарлари;
4) мазмунан мураккаб, йирик эпик асар; достон. Мас, Фирдавсийнинг «Шоҳнома», Низомийнинг «Искандарнома», Муҳаммад Солихнинг «Шайбонийнома» асарлари.