НОРВЕГИЯ

НОРВЕГИЯ (Norge), Норвегия Қироллиги (Kongeriget Norge) — Шим. Европадаги давлат. Скандинавия я. о. нинг ғарбий ва шим. қисмида. Майд. 387 минг км2. Аҳолиси 4,5 млн. киши (2002). Пойтахти — Осло ш. Маъмурий жиҳатдан 19 фюльке (вилоят)га, жумладан, фюлькега тенглаштирилган Осло ш. га бўлинади. Шпицберген архипелаги, Медвежий, Ян Мейен ва Буве о. лари ҳам Норвегияга карайди.

Давлат тузуми. Норвегия — конституцияли монархия. 1814 й. 17 майда қабул қилинган Н. Қироллиги конституцияси амал қилади, унга кейинчалик тузатишлар киритилган. Давлат бошлиғиқирол (1991 й. 21 янв. дан Харальд V). Қонун чиқарувчи ҳокимиятни икки палатали (юқори палатаси лагтинг, қуйи пала-таси одельстинг) парламент — стортинг амалга оширади. Ижрочи ҳокимият қирол қўлида бўлиб, у Давлат кенгаши (ҳукумат)ни тайинлайди.

Табиати. Норвегия — тоғли ўлка. Ҳудудининг қарийб 2/3 қисми денгиз сатҳидан 500 м дан баланд; денгиз соҳилидагина пасттекислик бор. Ғарбий қир-ғоғида тик ён бағирли тор қўлтиқ (фьорд) кўп. Йирик ороллари — Ло-фотен, Вестеролен, Сенья, Магерё ва б. Ҳудудининг катта қисмини Скандинавия тоғлари ишғол қилади (энг баланд жойи Гальхёпигген тоғи — 2470 м). Фойдали қазилмалари: темир, никель, мис, титан, уран, молибден, кобальт ва кумуш рудалари. Шим. денгизнинг қурукликка яқин саёз қисмида нефть ва газ конлари бор. Иклими мўътадил, шим. чеккасида субарктика, соҳилида океан иклими. Янв. нинг ўртача т-раси шим. да —2—4°, жан. да 2°. Ёзи салқин, тез-тез ёмғир ёғади. Йиллик ёғин 1000—3000 мм. Музликларнинг умумий майдони 3000 км2 га яқинни ташкил этади. Йирик дарёлари — Глом-ма, Логен (Гудбрансдаль), Логен (Ну-медаль). Катта гидроэнергия салоҳия-тига эга бўлган бу дарёлар қор, ёмғир ва музликлардан тўйинади. Энг катта кўли — Мьёса. Асосий тупроғи — юпқа тундра тупроғи, жан. да тоғ подзол туп-роғи учрайди. Мамлакат ҳудудининг 27% ўрмон. Ёввойи ҳайвонлардан тулки, силовсин, росомаха, сувсар, лось, буғу, қуён, тийин, лемминг ва б. бор. Денгиз соҳилида гала-гала қушлар, денгизларда турли балиқ ва тюлень кўп.

Аҳолисининг 97% норвеглар. Саамлар, квенлар, шведлар, данлар, не-мислар ва б. ҳам яшайди. Расмий тилнорвег тили. Расмий дин — лютеранлик. Шаҳар аҳолиси 50%. Йирик шаҳарлари — Осло, Берген, Тронхейм ва б.

Тарихи. Норвегия ҳудудида одам музлик давридан кейинги асрлардан бери яшайди. Мил. ав. 1-минг йиллик ўрталарида саам ва герман қабилалари яшаган. Норвегларнинг ҳаёти азалдан денгиз билан боғлиқ: мамлакатнинг номи ҳам «норвег» — «шимолий йўл», «денгиз йўли» маъносини билдиради. 872 й. би-ринчи норвег қироли тахтга ўтирди. 8 — 11-а. ларда моҳир денгизчи бўлган норвег викинглари Исландияга, Гренландия соҳиллари ва Шим. Атлантикадаги оролларга етиб бориб, уларни мустамлакага айлантирдилар. 11-а. да христи-анлик жорий этилди, марказлашган монархия қарор топди. 14а. ўрталарида тарқалган вабо мамлакат хўжалигини, ижтимоий ва сиёсий хаётни издан чиқарди, аста-секин мустақиллик барбод бўлишига олиб борди. 1319 й. Швеция, 1380 й. Дания билан иттифоқ тузди. 1397 й. Кальмар иттифоқига кўра, Н. Дани-яга тобе бўлиб қолди, 1537 й. Даниянинг вилоятига айланди.

1805—14 й. лардаги Англиядания уруши ва ҳосилсизлик Норвегияни ҳалокат ёқасига келтириб қўйди, ўн минглаб киши очликдан ўлди. 1814 й. Киль сулҳ шартномасига кўра, Норвегия шведлар мулки бўлиб қолди. Бундан норози бўлган норвег халқи мустақиллик учун кураш бошлади. Ўша йил 17 майда биринчи парламент (таъсис мажлиси) чақири-либ, конституция қабул қилинди ва қирол сайланди. Швеция-Н. иттифоқи 1905 й. гача амал қилди, Норвегия ички мустакилликдан фойдаланди. 1905 й. 7 июнда стортинг Швеция-Н. иттифоқини бекор қилди.

l-жаҳон урушида Норвегия бетарафлик эълон қилди. 2-жаҳон уруши бошланиши б-ноқ Норвегия бетараф эканини билдирган бўлса ҳам, 1940 й. да гитлерчилар Германияси унга бостириб кирди, Норвегия ҳукумати Лондонга кўчди. 1942 й. фашистлар Норвегияда В. Квислинг бошчилигида сотқин ҳукумат тузди. Мамлакатда Қаршилик кўрсатиш ҳаракати авж олди. 1945 й. 8 майда Норвегия озодликка эришди. Урушдан кейинги йилларда мамлакат иқтисодиётини қайта тиклаш ва ривожлантиришга киришилди. 1945 й. дан БМТ аъзоси. ЎзР билан дипломатия муносабатларини 1992 й. 10 июнда ўрнатган. Миллий байрами — 17 май — Конституция куни (1814).

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари. Н. ишчи партияси, 1887 й. асос солинган; Марказ партияси, 1920 й. ташкил этилган; Тараққиёт партияси, 1973 й. тузилган; Венстре, либерал партия, 1884 й. асос солинган; Социалистик сўл партия, 1975 й. ташкил этилган; Христиан халқ, партияси, 1933 й. тузилган.

Хейре, консерватив партия, 1884 й. асос солинган. Норвегия касаба уюшмалари марка-зий бирлашмаси, 1899 й. ташкил этилган. Халқаро эркин касаба уюшмалари конфедерацияси ва Европа касаба уюшмалари конфедерациясига киради.

Хужалиги. Норвегия — ривожланган индўст-риал-аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улуши 28,6%, қ. х. улуши 2,9%. Денгиз кема қатнови, балиқ овлаш, ташки савдонинг роли катта.

Саноат нинг етакчи тармоқлари: электр металлургия, электр кимё, целлюлоза-қоғоз, балиқ саноати, асосан ташки бозор учун ишлайди. Ички бозорга хизмат қиладиган тармоқлар орасида озиқ-овқат ва енгил саноат билан бирга машинасозлик ва металлсозлик дуруст тараққий этган. Кончиликда темир ва титан рудаси, кумир, нефть ва газ қазиб олиш катта урин тутади. Электр энергиянинг 99% ГЭСларда ҳосил қилинади (йилига ўртача 122 млрд. кВт-соат). Қора ва рангли металлургия, кемасозлик, электротехника, радиотехника ва ёғочсозлик саноати кўпроқ ривожланган. Ахрли жон бошига электр энергияси, целлюлозақоғоз маҳсулотлари, ферроқотишма, алюминий и. ч. ва кемасозликда Норвегия дунёда ол-динги ўринларда туради.

Қишлоқ хўжалиги. Мамлакатнинг табиий шароити қ. х. учун жуда ноқулай. Тоғ-тош кўплигидан Норвегия ҳуду-дининг 3% га яқини ҳайдалади. Қ. Х., асосан, гўштсут чорвачилигига ихти-сослашган. Деҳқончилигида ем-хашак экинлари, бир оз миқдорда ғалла (сули ва арпа), картошка экилади. Чорвачиликда йилқи, қорамол, қўй, чўчқа, парранда боқилади. К-х. мамлакатнинг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини қонди-ра олмайди. Мўйна ҳайвонотчилиги, балиқчилик ривожланган, ўрмонларда кўп миқдорда ёғоч тайёрланади.

Ички юклар ва ташқи савдо маҳсулотларининг аксарияти денгиз кемаларида ташилади. Денгиз савдо флотининг тоннажи 38,3 млн. тонна дедвейт. Йирик портлари: Осло, Берген, Ставангер. Т. й. узунлиги — 4 минг км, автомобиль йўллари 89,7 минг км. Асосий аэропортлари — Форнебу (Осло), Сулла (Ставангер) ва Будё. Четга нефть ва табиий газ, кемасозлик, целлюлоза-қоғоз ва кимё саноати маҳсулотлари, қора ва рангли металлар, балиқ маҳ-сулотлари чиқаради. Четдан машина, минерал хом ашё, автомобиллар олади. Ташқи савдодаги асосий ҳамкорлари: Буюк Британия, Швеция, ГФР, Нидерландия. Пул бирлигикрона.

Тиббий хизмати. Норвегияда соғлиқни сақлаш юқори даражада ташкил этилган. Тиббий хизмат қийматининг 80% ижтимоий суғурта ҳисобидан қопланади. Врачлар ун-тларнинг тиббиёт ф-тларида тайёрланади. Санкт-Олафс-Килле, Саннефьорд, Ларвик, Ханке бальнео-логик курортлари, ғарбий соҳилида Берген денгиз бўйи иклимий шифохонаси бор.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. Дастлабки мактаблар 12-а. бошларида очилган. 1848 й. 7 ёшдан 13—14 ёшгача бўлган болалар учун мажбурий таълим жорий этилди, 1968 й. 16 ёшгача етказилди. Ҳоз. таълим тизими мактабгача тарбия муассасалари, 6 й. лик кичик ва 3 й. лик юқори мажбурий мактаблар, ўрта умумий таълим мактаби — гимназиялар, ҳунар-техникала ўрта махсус ўқув юртларини ўз ичига олади. Осло, Берген, Тронхейм, Тромсёдаги унтлар, 10 та ин-т олий таълим беради.

Мамлакатдаги и. т. ларни Фан ва техника давлат қўмитаси ҳамда и. т. лар маслаҳат кенгаши мувофиклаштиради. Норвегия фан ва адабиёт академияси (1857), 300 дан ортиқ илмий тадқиқот ин-ти, саноат ва савдо фирмаларининг 300 лаб., 40 га яқин илмий жамият ва б. бор. Бундан ташқари, Осло ун-тида 90, Тронхейм унтида 50 и. т. института ва лаб. иш олиб боради. Ун-тлар ҳузурида йирик кутубхоналар ва Осло ш. кутубхонаси, Норвегия халқ музейи (1894), ун-т миллий осори атиқалар музейи, Мил-лий галерея, Амалий санъат музейи, Зоол. музейи ва б. бор. Норвег викингларининг кемалари, Т. Хейердалнинг «Кон-Тики» соли музейда сақланаётир.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Энг йирик газ. ва жур. лари: «Адрессеависен» («Манзилли газета», кундалик газ., 1767 й. дан), «Арбейдербладет» («Ишчилар газетаси», кундалик газ., 1884 й. дан), «Бергене арбейдерблад» («Берген ишчилар газетаси», кундалик газ., 1927 й. дан), «Вердене ганг» («Ҳаракатдаги дунё», кундалик газ., 1945 й. дан), «Ворт ланд» («Бизнинг мамлакат», кундалик газ., 1945 й. дан), «Дагбладет» («Кундалик газета», 1969 й. дан), «Моргенбладет» («Тонгги газета», кундалик газ., 1819 й. дан), «Нашунен» («Миллат», кундалик газ., 1896 й. дан), «Норгес индўст-ри» («Норвегия саноати», 2 ҳафтада чиқадиган жур., 1920 й. дан), «Фремовер» («Олға», кундалик газ., 1903 й. дан), «Харстад тиденде» («Харстад газетаси», кундалик газ., 1887 й. дан), «Актуэльт перспектив» («Долзарб истиқбол», жур., 1963 й. дан), «Фри фагбевегельсе» («Эр-кин касаба ҳаракати», 2 ҳафтада чиқа-диган жур., 1906 й. дан) ва б. Норвегия телеграф бюроси (НТБ) — норвег газ. ларининг акциядорлик жамияти, 1867 й. да тузилган. Норвегия давлат радиоэшиттириш маҳкамаси (1933 й. да асос со-линган) мамлакатдаги радиоэшитириш ва телекўрсатувларни назорат қилади. Адабиёти. Қад. норвег адабиёти ёдгорликлари деярли сақланиб қолмаган. Оғзаки халқ афсоналари ва қаҳрамонлик қўшиқлари ёзма адабиётнинг илк манбалари бўлган. «Тушдаги шарпа» достони ва «Қирол кўзгуси» айтишуви (диалоги) 13-а. га оид адабий намуналардир. 14—15-а. ларда баллада пайдо бўлди. Дания ҳукмронлиги даврида адабиёт тушкунликка учради, дан тили кўп вақт Н. нинг адабий тили бўлиб турди. 18-а. да миллий туйғу кучай-иши билан норвег адабиёти юксала бор-ди, драматургия ва лирика ривож топди. Норвег ва дан маданиятларининг атоқли намояндалари — Скандинавия театрининг ижодкори — Л. Хольберг ва шоир К. Туллин шу даврда фаолият кўрсатди. 1772 й. Ко-пенгагенда норвег адабиётини тиклаш мақсадида «Норвег жамияти» тузилди. Шу йили Ю. Н. Брун биринчи миллий драма ва Норвегия мадҳиясини яратди, К. Фастинг, К. Фриман миллий ватанпар-варлик руҳидаги шеърларини езди.

19-а. 1-ярмида тарих ва фольклорга қизиқиш кучайди, П. К. Асбьёрнсен ва Й. Э. Му норвег халқ эртакларини йи-ғиб нашр этдилар, халқ қўшиклари ва балладаларини ёзиб олишга киришилди. Драматургия ва лирика ривожланди. 50-й. ларнинг 2-ярмида реализм хусуси-ятлари пайдо бўлди (Б. М. Бьёрнсоннинг «Баджахл Сегурд» драматик трилогияси, Я. К. Коллетнинг «Амтманн қизлари» романи ва б.). 70—90-й. ларда танқидий реализм устунликка эришиб, норвег адабиётини жаҳон даражасига кўтарди. (Г. Ибсен, Б. М. Бьёрнсон, Ю. Ли, А. Хьелланн ижоди).

20-а. бошларида Ю. Бойер, У. Дуун, С. Унсет каби ёзувчилар адабиётга кириб келдилар. С. Хёль, А. Омре, А. Сандемусе, Т. Весос, Ю. Борген инсон рухиятини теран акс эттирдилар. 2-жахрн уруши йилларида Норвегия ёзувчилари фашизмга қарши курашда қатнашдилар, 300 га яқин яширин газ. чикариб турилди. Урушдан кейин яратилган кўпгина асарлар Қаршилик кўрсатиш ҳаракатига бағишланди. 70—90-йилларда ижод қилган шо-ирлар Р. Якобсен, Я. Брюхейм, А. Андерсен атроф дунё чигалликларини тасвирладилар. Г. Люнде, Э. Ховардсхолм ва б. жамият иллатларини танқид қилдилар.

Меъморлиги. Ўрта аерларда Норвегияда ёгоч меъморлиги ривож топди, қўш синчли черков («ставкирка»)ларнинг ўзига хос тоифаси вужудга келди (Урнес ва Боргуннадаги черковлар). 12—16-а. лардаги ғиштли иморатларда роман ва готика меъморлигининг таъсири сезилади. Бергендаги 16-а. 2-ярми ва 17-а. га мансуб Розенкранц минорасида Уйғониш даври, Сер-Фрундаги 18-а. га оид черковда барокко ва рококо, Тронхеймдаги 19-а. га мансуб қирол қароргоҳида классицизм меъморлиги унсурларидан фойдаланилди. 19-а. меъморлигида эклектизм (Бюгдё я. о. даги Оскарсхолль қасри, меъмор Ю. Небелонг), 20-а. бошларида функционализм (Ослодаги «Скансен» ресторани, меъмор Л. Баккер) усуллари устунлик қилди. Кейинги ўн йилликларда Ослодаги ратуша (меъморлар А. Арнеберг ва М. Поульсон), «Викинг» меҳмонхонаси (меъмор К. Кнутсен), Ҳукумат уйи (меъмор Э. Викше), Ховикаддендаги музей (меъморлар И. Эйквар, С. Энгеб-ретсен) бинолари қурилишида ўзига хос миллий меъморий шакллар пайдо бўлди. Маҳаллий халқ меъморлиги анъаналарига мурожаат қилиниб, меҳмонхона, хусусий виллалар, ҳовлили кошона уйлар курила бошланди.

Тасвирий санъати. Неолит ва жез даврларида қояларга ишланган расмлар Норвегия ҳудудидаги энг қад. санъат ёдгорликларидир. 8-а. охирида ўрта аср санъати (ёғоч, фил суяги ўймакорлиги ва ҳ. к.) таркиб топган. 13—14-а. ларда готика услубидаги тасвирий санъат ривожланди. Ҳақиқий норвег санъати 19-а. да юзага келди. Атоқли рассом Ю. Даль гўзал манзаралар чизди, А. Тидеманн, Х. Гуде, Ф. Коллетт, Х. Баккер халқ ҳаётини тасвирладилар. 20-а. 1-ярмида монументал-безак санъатининг роли кучайди. Ҳайкалтарошлардан Р. Лунне, Г. Янсон машҳур бўлди. 20-а. нинг 2-ярмида абстракционизм ва турли модерн оқимлари вужудга келди. Амалий санъат (металл буюмлар, жимжимадор ёғоч анжомлар ясаш, газлама, тўр тўқиш, каштачилик, кулоллик) халқ орасида кенг тарқалган.

Мусиқаси қадимда юзага келган. Ўзига хос норвег халқ қўшиқлари (қаҳрамонлик ва муҳаббат қўшиқлари, қисса-қўшиклар, чўпон ва балиқчи қўшиклари), рақслар (халлинг, спрингтар ва б.), чолғу куйлари (люарслотт ва б.) кенг ёйилган. Азалий чолғу асбоблари — бук-кехорн (эчки шохи), приллар (буқа шохи), селье (найнинг бир тури), хар-тингфеле (ғижжакнинг бир тури) ва б. 16-а. да сайёр бахши (зингмейстер)лар, моҳир скрипкачилар, органчилар бўлган. 18-а. охири — 19-а. бошларида Ф. Грот, АФлинтенберг, Ф. Фогель, Л. М. Линнеман каби композитор, дирижёр ва мусиқа назариётчилари ижод қилган. 1850 — 60 й. ларда Х. Хьерульф, У. Булль, Р. Нурдрок ва б. миллий мусиқа мактабини яратдилар. Э. Григ ижоди ва ижтимоий фа-олияти мусиқа маданияти юксалишига катта таъсир қилди. Композитор Ф. У. Вален замонавий норвег мусиқасига асос солди. 20-а. ўрталарида Х. Северуд, К. Эг-ге, Э. Твейт, Л. Йенсен, А. Янсон, Л. Нильсен каби композиторлар ижод қилдилар. Ослода Норвегия операси (балет труппаси б-н), Осло ва Бергенда консерватория, Тронхеймда Олий мусиқа мактаби ва б. бор.

Театри. Миллий театр фаолияти диний ва маиший удумларни саҳналаштиришдан бошланган. 18-а. ўрталарида Кристи-ания (ҳоз. Осло) ва Бергенда ҳаваскор театр труппалари тузилди. 1780 й. до-имий театр очилди. 1899 й. Кристиа-нияда барпо этилган Миллий театрда Г. Ибсен, Б. М. Бьёрнсон, У. Шекспир, Ф. Шиллер, Б. Шоу асарлари қўйилди. 19-а. охири — 20-а. бошларида Кристиания, Берген, Тронхейм, Ставангерда янги театрлар барпо этилди. Х. Крог, Н. Григ ва б. ёзувчиларнинг пьесалари саҳналаштирилди. 2-жаҳон уруши (1939—45) даврида Норвегия театрлари инқирозга учради. Мамлакат озод этилгач, театрларда жаҳон ва миллий мумтоз драматургиясининг асарлари кўрсатилди. Ослода актёр ва реж. лар тайёрлайдиган Давлат театр мактаби (1953) бор.

Киноси. 1908 й. дан кинофильмлар чикарила бошланди. 20-й. ларда чет эл фильмларига таклидий фильмлар яратилган бўлса, 30-й. ларда ўткир ижтимоий ва тарбиявий мавзуларга мурожаат этилди («Саёқ», «Торрес Снер-тевольд», реж. Т. Ибсен). 40—60-й. ларда Қаршилик кўрсатиш х,аракатига бағишланган фильмлар — «Яшашни хохлаймиз» (реж. У. Дальгар), «Қочоқлар» (реж. Т. Сан не), «Тўққиз ҳаёт» (реж. А. Скоуэн) Норвегия киносининг катта ютуғи бўлди. Кейинги йилларда реж. лардан Н. Мюллер, Н. Кристенсен, Т. Вибе-Мюллер ва б. риёкорона ахлоқни фош этувчи фильмлар яратишди. Норвегияда ҳуж-жатли, илмий оммабоп (реж. П. Хест, А. Берг, Т. Хейердал) ва мультипликация (реж. И. Каприно) киноси ҳам ривожланган.

Loading...