НОЗИМ ҲИКМАТ PAH

НОЗИМ ҲИКМАТ PAH (Nazim Hikmet Ran) (1902.20.1, Салоники – 1963.3.4, Москва) — турк шоири ва жамоат арбоби. Турк шеъриятига янги ритм ва эркин шеър жанрини олиб кирган. Ҳарбий-денгиз билим юртида ўқиган. «Қирқ ҳаромилар асири» шеъри (1920) Туркиянинг мустамлакачилик кишанларига тушаётганига қарши ёзилгани учун инглизлар ва султон саройи томонидан таъкиб этилган. Нозим Ҳикмат Pah шу йили инглизлар забт этган Истанбулни тарк этиб, Анатолияга кўчиб ўтади. Ғарб давлатларининг мустамлакачилик сиёсатига қарши кураш ғоялари таъсирида Москвага келиб (1922), Шарқ халқлари меҳнаткашлари коммунистик ун-тида ўқийди. Ватанига қайтгач (1924), адабий фаолият билан шуғулланади. 1927 й. коммунистлар ва уларга маслакдош кишиларнинг кувғин қилиниши билан Нозим Ҳикмат Pah Р яна шўролар мамлакатига келади. Шоирнинг «Қуёш ичганлар қўшиғи» номли дастлабки шеърий тўплами Бокуда чоп этилади (1928). Нозим Ҳикмат Pah будаврда В. В. Маяковский эстетикаси таъсирида интим туйғулар тасвиридан онгли равишда қочиб, минбар шеърият намуналарини яратади. Шу йили Туркияга қайтиб, газета таҳрири-ятида ишлайди, Нозим Ҳикмат Pah шу йилларда «835 сатр» (1929), «Варан-3» (1930), «Сасини йўқотган шаҳар» (1931) шеърий тўпламлари, «Жиоконда ва СиЯ-у» (1929) романи, «Бенержи ўзини нега ўлдирди?» (1932) шеърий романи, «Бош чаноғи» (1932), «Унутилган одам» (1935) пьесаларини ёзиб, нафақат Туркия, балки ер юзида рўй бераётган мухим воқеаларга муносабат билдиришга уринади.

Нозим Ҳикмат Pah умрининг аксар қисмини қувғинда ўтказган ва жами 17 й. қамоқда яшаган. Шу даврда у 20-а. нинг ўзига хос поэтик тарихи — «Инсон манзаралари» (1941) эпо-пеяси, «Турмадан хатлар» шеърий туркуми, «Бир севги афсонаси» (1965) ҳамда «Юсуф ва Зулайҳо» пьесаларини яратган.

1950 й. жаҳон жамоатчилиги Нозим Ҳикмат Pahнинг озод этилишига эришди. У яна шўролар мамлакатига кўчиб келиб (1951), адабий ва ижтимоий фаолият б-н шуғулланади. «Туркияда» (1952), «Анойи» (1955), «Бекат» (1958), «Тартюф-59» (1959), «Дамокл қиличи» (хотини С. Тулякова билан ҳамкорликда, 1960) сингари пьесалар, шеър ва достонлар ёзади.

Ўзбекистонда Нозим Ҳикмат Pah ижодига қизиқиш 1928 й. даёқ бошланган. Ғафур Ғулом, Шайхзода, Миртемир ва б. Н. Ҳ. Р. нинг кўплаб асарларини ўзбек тилига таржима қилган. «Туркия ҳақида ҳикоя» пьесаси ҳоз. Ўзбек миллий академик драма театрида, «Бир севги афсонаси» пьесаси асосидаги балет эса Навоий номидаги давлат академик кат-та театрида саҳналаштирилган.

Нозим Ҳикмат Pah Осиё ва Африка мамлакатлари ёзувчилари ҳаракатининг қатнашчиси, Жаҳон Тинчлик Кенгаши бюроси (1951) ва ҳайъати (1959) аъзоси, Халқаро тинчлик мукофоти совриндори (1950).

Ас: Шеърлар, Поэма, Пьеса, Т., 1953; Бир севги афсонаси, Т., 1955; 65 шеър, Т., 1962; Сурур [роман], Т., 1966; Инсон манзаралари, Т., 1982; Қон гапирмас [роман], Ошиқ булут [эртаклар], Т., 1987.

Ад.: Бабаев А., Назым Хикмет, М., 1957; Фиш Р., Назым Хикмет, М„ 1968. Наим Каримов.

Loading...