Knowledge Base
Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси

НОЗИМАХОНИМ

НОЗИМАХОНИМ (1870 – Тошкент — 1924) — шоира. Ўзбек аёллари орасидан чиққан биринчи журналист-публицист. Татар, араб ва форс тилларини ўрганган. Оренбург ва Қозонда чиқиб турган матбуотни мунтазам кузатиб борган. Европа адабиёти ва маданияти билан таниш, эркпарварлик ғояларидан баҳраманд бўлган. Ўзбек ва форс мумтоз адабиётини, айниқ-са, Саъдий, ҳофиз асарларини ўқиган.

Шеър ва мақолалари 1900 й. дан матбуотда босилган. 20 ёшларида шоира «бешёғочлик Нозимахоним» номи билан машҳур бўлган. Тараққиёт, маърифат ва маданиятни ташвиқ этувчи шеър ва манзумалари, жаҳолат, бидъат-хурофотни фош этувчи асарлари, замонасидаги ижтимоий тенгсизлик ва авж олган миллий истибдоддан кескин норозилик баён қилинган ўткир ҳажвий шеърлари «Шуҳрат», «Садойи Туркистон», «Тараққий» каби газ. ларда мунтазам чиқиб турган. Шоира меҳнат-каш халқнинг миллий озодлик ҳара-катини қўллаб-қувватлаган, хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва ўрни ҳақида асарлар ёзган, жаҳолат ва зулм поймол этган ўзбек аёлининг миллий, инсоний ҳақҳуқукларини талаб қилиб чиққан («Инсонга қанча эрк даркор?», «Илм ва маориф борасида бир-икки сўз», «Хотинлар ҳуқуқига оид» ва б.).

Нозимахоним шеърияти 1905—17 й. лар ўзбек адабиётининг етакчи тамойилларини аниклашда, 20-й. лар ўзбек шеъриятининг характерли хусусиятларини белгилашда муҳим аҳамиятга эга.

Ад.: Қосимов Б., Миллий уйғониш, Т., 2002.

Next Article

НОЗИР