ОБАСАНЖО (Obasanjo) Олусегун (1937.5.3, Абеокута ш.) — Нигерия давлат арбоби. Генерал. Абеокутадаги баптистлар мактабини тугатган. Англия ва Ҳиндистондаги ҳарбий ўқув юртларида ўқиган. Нигерия армиясида турли лавозимларда ишлаган. 1975—76 й. ларда Нигерия қуролли кучлари бош штаби бошлиғи. 1976—79 й. ларда Нигерия Федератив Республикаси ва федерал ҳарбий ҳукумат бошлиғи, Олий ҳарбий кенгаш раиси, қуролли кучлар бош қўмондони. 1979 й. 1 окт. да ҳокимиятни фуқаро маъмуриятига топширган ва ўз фермасида қ. х. билан шуғулланган. Айни пайтда сиёсий фаолиятини ҳам давом эттирган: турли халкаро ташкилотлар ишида фаол қатнашган. Нигерия ҳукумати фаолиятини танқид қилганлиги ва унга оппозицияда бўлганлиги учун 1995—98 й. ларда қамоқда бўлган. 1999 й. ги президент сайловида ғалаба қозонган ва шу йилдан Нигерия Федератив Республикаси президенти.