ОБИДИЙ Исмоил Элдинович (1880, Ғулжа — 1941/42, Краснояр ўлкаси) — журналист, жамоат арбоби, ўзбек даврий матбуотининг асосчиларидан бири. Ғулжадаги Россия элчихонаси ходими оиласида туғилган. Отаси вафотидан кейин 1890 й. да онаси билан бирга Қозонга кўчиб келган ва шу ердаги реал билим юртида ўқиган. Инқилобий кайфиятдаги ёшлар гуруҳига мансуб бўлганлиги учун 1900 й. да Бишбек ш. га сургун қилинган. Орадан бир йил ўтгач, Петербургга бориб, ҳайкалтарошлик ва меъморлик билим юртида ўқиган (1901 — 1905). 1905 й. воқеаларида қатнашгани учун 3 й. га Туркистон (Тошкент)га сургун қилинган. О. Тошкентда ўзбек, татар ва рус маърифатпарварлари ёрдамида 1906 й. бошларида Тошкент жадидларининг «Тараққий» газ. ни чиқарган. Унинг муҳаррири Обидий тошкентлик жадидлар ўртасида «Исмоил Тараққий» номи билан машҳур бўлган. Обидий 1912—17 й. ларда турли жойларда ишлайди. 30-й. ларнинг ўрталарида А. Қодирий б-н яқинлашиб, унинг «Обид кетмон» қиссасини рус тилига таржима қилади.
Ўз олдига фақат чоризмга қарши ку-раш вазифасини қўйган О. Окт. тўнтаришидан кейин большевиклар фойдасига хизмат қилади. Шунга қарамай, 1938 й. 13 янв. да эсерлар партиясининг собиқ аъзоси ва япон разведкасининг жосуси сифатида қамоққа олинади ва 1940 й. 9 фев. да Краснояр ўлкасига 5 й. га сургун қилинади.
Наим Каримов.