ОБСЕРВАЦИЯ

ОБСЕРВАЦИЯ (лот. observatio — кузатиш, назорат) — карантинга олинган юқумли касалликларга (ўлат, вабо, чинчечак) чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли вақтинча алоҳидалаб қўйилган кишилар устидан тиббий кузатув. Зарурат бўлганда Обсервация бошқа юкумли касалликларга ҳам белгиланиши мумкин.

Обсервацияни санитария-эпидемиология хизмати амалга оширади. Обсервация муддати Обсервация қилиш буюрилган касаллик яширин даврининг энг узоқ муддатига (қ. Инку-бацион давр) боғлиқ. Обсервация қилинадиган кишилар доим врач назоратида бўлади. Ҳар куни уларнинг ҳол-аҳволи сўраб чиқилади, кўздан кечирилади, гавда т-раси ўлчанади, зарур бўлса, тегишли текширувлар ўтказилади, шошилинч махсус профилактика қилинади, эҳтиётдан эмланади ва ҳ. к. Тиббий кузатувдаги кишиларга меҳнатга қобилиятсизлик варақаси берилади. Обсервацияда транспорт воситалари ва юкларга ишлов бериш (дезинфекция, дезинсекция, дератизация) ҳам кўзда тутилади.

Loading...