ОЧИЛ ДАСТУРХОН

«ОЧИЛ ДАСТУРХОН» — сеҳрли эртаклардан. Шарқ халқлари орасида кенг тарқалган. «Чол билан кампир», «Очил, супрам», «Ур, тўқмоқ» — мазкур эртакнинг вариантлари. Эртак сюжети тилсим асосига қурилган. Ҳикоя қилинган воқеа-ҳодисалар «йўқдан бор бўлишга» асосланган. Жоду кучига эга бўлган дастурхон бадиий деталь сифатида коллизия яратади ва сюжет давомида ҳал қилувчи роль ўйнайди. Тилсим воситалари амал қилганда, дастурхон очилиб, нознеъматлар пайдо бўлади. «Ур, тўқмоқ» вариантида эса, қовоқ ичидан тўқмоклар чиқиб, чолнинг рақибини дўппослайди. Эртакда меҳнаткаш халқ оммасининг тўқ ва фаровон ҳаёт ҳақидаги орзу умидлари акс этган. «Очил дастурхон» да тинчлик ва шодлик улуғланиб, эгрилик ва фирибгарлик, зулм ва зўрлик каби ижтимоий иллатлар фош этилади.

Loading...