ОДАМАТО

ОДАМАТО — исломга (шунингдек, иудаизм ва христианликка) кўра, Аллоҳ томонидан яратилган ер юзидаги биринчи одам ва инсон зотининг отаси. Қуръонга кўра, Аллоқ Одаматони лойдан ўзининг ердаги ўринбосари (халифа) сифатида яратиб, унга ўз руҳидан жон ато этган. О. Абулбашар (инсоният отаси) деб ҳам аталади. Исломда Одамато биринчи пайғамбар ҳисобланади. Аллоҳ Одаматога барча нарсаларнинг номларини ўргатди ва бу билан уни фаришталардан юқори қўйди, фаришталарга Одаматога бош эгиб сажда қилишни буюрди. Фақат Иблис сажда қилишдан бош тортди. Иблис такаббурлиги ва саркашлиги туфайли жаннатдан қувилди. Одамато жуфти ҳалоли Момоҳаво билан жаннатда яшаб, уларга барча неъматлардан ейишликка рухсат берилди, фақатгина бир дарахтнинг мевасидан ейиш тақиқланди (Аъроф сураси, 19—21-оятлар). Иблис Одамато билан Момоҳавони алдаб, тақиқланган дарахт мевасини едиради. Бунинг жазоси эвазига улар жаннатдан чиқарилиб, уларнинг авлодлари ерда яшашга ва меҳнат қилишга маҳкум этилади.

Loading...