ОДАМСИМОН МАЙМУНЛАР

ОДАМСИМОН МАЙМУНЛАР, гоминоидлар, антропоидлар (Hominoidea, Ahthropomorphidae) — тор бурунли маймунлар катта оиласи. Гиббонсимонлар, понгидлар, гоминидлар оилаларини ўз ичига олади. Бир қанча белгилари, мас, гавдасининг йирик бўлиши; думи, жағ орти халтаси ва қуймич сўгалининг бўлмаслиги, эшитиш чиғаноғининг тузилиши билан Одамсимон маймунлар мартишкаларга нисбатан одамга кўпроқ ўхшайди. Мияси йирик бўлиб, унда эгатчалар ва пуштачалар ривожланган; мия пўстлоғининг сирти кенгайган. Тишлари одамларникига ўхшаш тузилган. Одамларга ўхшашлик белгилари ички органлари (жигар, буйрак ва б.) нинг тузилиши, аппендикс ўсимтасининг бўлишида ҳам кўзга ташланади. Қон гурухлари (О, А, В ва АВ), қоннинг иммунлик хусусиятлари ва организмда моддалар ҳамда энергия алмашинуви жараёнлари одамникига ўхшаш. Хусусан, Одамсимон маймунларда сийдик орқали бошқа сут эмизувчилар ва тубан маймунларга ўхшаш аллантоин эмас, балки сийдик кислотаси ажралади. Анатомик тузилиши ва физиологик хусусиятларига кўра шимпанзе ва горилла одамга кўпроқ ўхшайди. Буни молекул-яр биол. га оид тадқиқотлар ҳам тасдиқлайди. Mac, шимпанзе билан одам ўртасидаги генларнинг 91%, мартишка билан одам ўртасидаги генларнинг 66% ўзаро ўхшаш бўлади. Патологик жараёнлар ва инфекцион касалликлар кечишининг ўхшашлиги тиббий ва биологик тадқиқотларни ўтказишда шимпанзедан модель сифатида фойдаланишга имкон беради. Хайвонлар орасида фақат Одамсимон маймунларда захм ва мохов касаллиги пайдо қилинган. Бўғозлик ва балоғатга етиш даврлари ҳам одамларникига ўхшайди. Жинсий диморфизмнинг кучли ривожланганлиги, тана ўлчами, анча мураккаб хулқ-атвори барча Одамсимон маймунларни бир-бирига яқинлаштиради.