ОДАМТОШ СЕРИЯСИ

ОДАМТОШ СЕРИЯСИ — Жан. Ўзбекистондаги юқори бўр даврига мансуб қатламлардаги стратиграфик бирлик. О. М. Акрамхўжаев, М. Эгамбердиев ва Ҳ. Ҳ. Миркамоловлар томонидан 1971 й. да ажратилган. Одамтош серияси турон ва коньяк ярусларининг палеонтологик қолдиқларига бой бўлган гилтош, мергель ҳамда оз микдорда гипс, оҳактош ва қумтош қатламларидан ташкил топган. Одамтош серияси с, ўз навбатида, Ғоздаҳана, Чашмаобозон (қуйи турон), Деҳқонобод, Пачкамар (юқори турон) ва Оқработ (коньяк) маҳаллий свиталарига бўлинади. Умумий қалинлиги 230—600 м бўлиб, остки нефть-газли маҳсулдор қатламлари учун флюидларни тўсиб турувчи экран вазифасини бажаради. Стратиграфик аҳамиятга эга.