ОФАРИНКЕНТ

ОФАРИНКЕНТЗарафшон водийсининг ўрта қисмидаги ўрта асрларга оид шаҳар ва туман. Миёнколнинг юқори қисмини Суғди Хурд (Кичик Суғд) ёки Ним Суғда (Ярим Суғд) тумани эгаллаган бўлиб, темурийлар даврида Офаринкент шаҳри унинг маркази эди. «Қандия»да айтилишича, Офаринкент шаҳри Самарканд ҳукмдори Ғурак даврида (8-а.) қурилган. Шайбонийлар давридан бу туман Офаринкент деб атала бошлаган. У шайбоний султонларидан Искандарга (Абдуллахон II нинг отаси) мулк сифатида берилган. Ҳофиз Таниш ал-Бухорий Офаринкентни Миёнколдаги «иқлими жуда қулай, серсув, очиқ кўнгилли ва тенчликсевар аҳоли яшайдиган энг яхши жойдир», деб таърифлайди. Аштархонийлар даврида ҳам Офаринкент ҳоким, бек ёки қўшин қозисининг қароргоҳи бўлиб хизмат қилган. Кейинчалик Офаринкент ўз ўрнини Даҳбедга бўшатиб берган. 18-а. нинг 2-ярми ва 19-а. нинг 1-ярмида Офаринкент маъмурий жиҳатдан Бухоро амирлигининг Самарқанд беклиги таркибига кириб, манбаларда туман ва шаҳар сифатида эслатилади. «Офаринкент» атамаси 20-а. бошигача сақланган. Ҳоз. бу жой Самарканд вилоятининг Окдарё тумани тасарруфида бўлиб, Примкент кишлоғи номи билан маълум. Қад. Офаринкент шаҳар харобаси сакланган.