ОҒИЗ

ОҒИЗ, оғиз оши — янги туққан сигирнинг дастлабки 3 кунлик сутидан тайёрланадиган таом. Шеваларда далама, гелагай, палла каби номлар билан аталади. Оғиз сути қозонда сут каби суст оловда қайнатилади. Оғиз сути таркибида ўртача 25% қуруқ модда бўлиб, 5,4 % ёғ, 15% оқсил, 3,3% сут шакари, 1,3% минерал моддалар, 200 га яқин тўйимли ва биологик фаол моддалар (БФМ) енгил ҳазм бўладиган ҳолатда учрайди. Пиширилганда Оғиз сутининг оқсили ивиб, худди творогга ўхшаб қола-ди, шунда қозонга туз солиб таъми ростланади. Айрим жойларда Оғизга седана ҳам солинади. Баъзи жойларда гуруч қўшиб пиширилади. Мазали, тўйимли таом Оғиз совитиб истеъмол қилинади. Сигир эгаси сут мўл-кўл бўлишини ният қилиб, Оғизни яқин қўниқўшни ва қариндош-уруғларга тарқатади.

Рўзимат Ҳамроқулов.