ОҲАНГАРОН

ОҲАНГАРОНТошкент вилояти Оҳангарон туманидаги шаҳар (1962 й. дан). Туман маркази. Қурама тоғининг этагида, Оҳангарон дарёсининг ўнг соҳилида, 525—600 м баландликда. Тошкентдан 68 км. Тошкент—Ангрен т. й. даги станция. Шаҳар ҳудудидан Хўжабаланд, Хонариқ ва б. ариқлар оқиб ўтади. Аҳолиси 34,7 минг кишидан зиёд (2003).

Шаҳар номи «охангарон» — «темирчилар» маъносини англатади. Оҳангароннинг тез ўсишига унинг яқинидаги Ангрен кўмир кони ва Олмалиқ рангли металл конларининг очилиши сабаб бўлди. Оҳангаронда цементли шифер корхонаси, «Сантехлит», «Оҳангарондон» з-длари бор. 8 умумий таълим мактаби (5700 га яқин ўқувчи), болалар спорт мактаби, болалар санъат мусиқа мактаби, 2 касб-ҳунар коллежи, 2 кутубхона, 2-мадани-ят уйи, маданият ва истироҳат боғи, стадион фаолият кўрсатади. 2-жаҳон уруши қурбонларига ёдгорлик ўрнатилган. Касалхона, катталар ва болалар поликлиникалари, 10 дорихона мавжуд.